Ўзбекистон | 18:00 / 24.01.2020
49386
7 дақиқада ўқилади

Хусусий бандлик агентлиги «қурбонлари»: Улар Европа орзусида эди, аммо «рейс» Регистонда ушланиб қолди

Сўнгги бир ой ичида Kun.uz сайтида ушбу ташкилот номи билан боғлиқ иккита мақола эълон қилинди.

Дастлаб хорижга қонуний ишга жойлашиш умидида мазкур корхонага пул бериб, куйиб қолаётганлар тақдири, кейинроқ эса худди шу корхона томонидан ишга юборилиб, сарсон бўлиб қайтиб келганлар ҳасрати олиб чиқилди. Афсуски, муаммога тегишли ташкилотлар эътибор қаратмаган шекилли, мана, учинчи ариза қўлимизда турибди. Унда фирмадан жабр кўрган етти нафар фуқаро дарди битилган.

Самарқанд шаҳрида жойлашган «AMILEE BAHORA» хусусий бандлик агентлигига боргач, у ерда йиғилган қирққа яқин жабрланганларни кўриб, қўлимиздаги ариза охиргиси бўлмаслигига амин бўлдик. Чунки фирма фаолиятидан жабрланганлар сони тобора ортиб бормоқда.

«Бизни эшитадиганлар борми?!»

Агентлик фаолиятидан норози бўлганлар орасида нафақат Самарқанд, балки Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидан келган фуқаролар ҳам бор.

«Мол аччиғи – жон аччиғи», деган нақл бежиз айтилмаган. Бу иборанинг ҳаётий аксини шу кунларда ҳар қанча совуқ жонни ачитса-да, ташкилот эшигида сарғайиб турганлар мисолида кўриш мумкин.

Мурожаатчиларнинг аксарияти бир гапни такрорламоқда: «Шартнома муддати 2019 йил 31 декабрга қадар белгиланган эди. Вақт тугади, аммо биз на хорижда ишлаяпмиз, на пулимизни қайтариб ололдик!».

Дарҳақиқат, пулингни қайтариб бераман деган ваъдага ишониб, узоқ-яқин вилоятлардан келган, бир неча ҳафталарини кўчада сарсонгарчилик билан ўтказиб юбораётганлар талайгина.

Масалан, бухоролик Мафтуна Розиқова ҳам шартнома шартлари бажарилганда, бугун турмуш ўртоғи билан Германияда ишлаб юрган бўлиши керак эди. У яшаб турган квартирасини яхши ниятлар билан сотиб, пулини агентликка тўлаган — эри билан хорижда яхшироқ маошли иш билан таъминлашлари учун.

Дилором Норбекова ҳам агентлик билан 11 млн 880 минг сўмлик шартнома имзолаган. Унга кўра, 2019 йилнинг 31 декабрига қадар агентлик хорижга ишга жўнатиши лозим эди. Шартнома талаблари бажарилмагач, Д.Норбекова тўлаган пулини қайтариб олиш тараддудига тушди. Афсуски, бу иш шартномада кўрсатилганидек «силлиққина» амалга ошмади.

Ургутлик Комилжон Ўктамовнинг айтишича, у тўлов қилган 10 миллион сўмнинг ярмидан кечиши талаб қилиняпти. Эмишки, тўланган маблағнинг ярми унинг хорижга кетиши учун сарф қилинибди.

«Бу шартномани биринчи марта кўриб туришим!»

Агентликда иш қизғин давом этмоқда. Бир ёқда пул тўлаб хорижга кета олмаётганлар, бир ёқда янги «мижозлар»! Агентлик ходимларидан ушбу мурожаатга жавоб бера оладиган бирор масъулга хабар беришни сўрадик.

– Кутиб туринглар, ўн беш дақиқада келиб қолади...

Одатда, бундай вазиятда ҳеч бир ходим ишончли маълумот бермайди. Айтилган «15 дақиқа» шунчаки, «навбатчи жавоб» бўлиб чиқади. Бу вақтда сиз кутишдан бош тортасиз ёки талабга қараб қўшимча дақиқалар берилаверади. Бу сафар ҳам шундай бўлди, агентлик масъулларини бир соатга яқин бекорга кутдик.

Агентлик ҳуқуқшуноси Жаҳонгир Тоҳиров билан телефон орқали боғландик. Аввалига у биз тез-тез шикоятлар ортидан бораётганимизга ғалати муносабат билдирди. Яъни, «меҳмон қилмоқчи» бўлди. Ваҳоланки, ҳозир у журналистларни эмас, ташкилотдан жабр кўрганларни меҳмон қилса фойдалироқ бўларди.

Хуллас, ҳуқуқшунос польшалик меҳмонлари билан банд бўлгани сабабли ўзи келолмаслигини, мурожаатчиларнинг даъвоси эса ўринсиз эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, шартномада таклиф қилинган хизмат муддати 2019 йил 31 декабрь эмас, 2020 йил 31 мартгача этиб белгиланган. Агар истасак, икки томонлама имзоланган шартномани бизга кўрсатишлари мумкинлигини билдирди.

Очиғи, мурожаатчилар қолиб, бу жавоб бизни ҳам таажжубга солди. Наҳотки, агентлик остонасида бир неча ҳафтадан буён умрини ўтказаётганларнинг ҳаммаси бу ташкилотга туҳмат қилаётган бўлса? Наҳотки, уларнинг қўлларидаги шартнома қалбаки, ҳеч қандай қонуний кучга эга бўлмаса?!

Ҳуқуқшунос айтган иккинчи шартномани бизга кўрсатишди. Буни қарангки, унда ҳақиқатан ҳам мижозлар яна икки ойдан ортиқ кутиб туришга мажбурлиги қайд этилганди... Шубҳали томони, ҳамма билан ҳам бундай шартнома имзоланмаган. Масалан, сурхондарёлик Дилмурод Холмуродовга оид бундай ҳужжатни сўраганимизда, кўрсатиб беришолмади. Ваҳоланки, унинг шартнома муддати 2019 йилнинг сентябрь ойидаёқ тугаб кетган. Қисқаси, икки томонлама шартноманинг мазмуни ҳам «икки томонлама». Мижоз қўлидаги нусхада бошқа сана, корхонада сақланаётган нусхада корхона манфаатига мос тарзда бошқа сана.

Таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, бу «ўйин»да нимадир етишмаяпти ёки ортиқча...

Яна бир ҳолатни тан олишимиз керак, бу масала Kun.uz сайтида биринчи марта кўтарилганидан сўнг, айрим мижозларнинг пули қайтариб берилган. Аммо ҳозирча сарсон бўлганларнинг адоғи кўринмаяпти...

Ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилинган. Аммо...

Мурожаатчилар ўн кун аввал Самарқанд шаҳар ИИБга мазкур ҳолат бўйича ариза беришганини маълум қилишди. Аммо ҳозирча ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари амалий иш олиб боряптими, йўқми, бу сарсон бўлаётган фуқароларга маълум эмас.

* * *

Kun.uz бу мавзуга учинчи марта қайтди. Ваҳоланки, аввалги журналистик суриштирувларимизда ҳам тегишли ташкилотлардан бу масалага эътибор қаратишларини сўрагандик. Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вазиятга холис ва ўз вақтида адолатли баҳо бермас экан, одамлар алданаверади.

Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.

Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи. 

P.S.: Ушбу мақола тайёрланаётган вақтда худди шу муаммо билан яна бир неча фуқаро таҳририятга келди. Фарқи — хорижга ишга юбораман, деб одамларнинг чўнтагини қоқиб олаётган фирма бошқа экан. Айнан ўша «сценарий» бўйича. Афтидан, бундайларнинг мушугини ҳеч ким «пишт» демаётганидан «илҳомланаётган»ларнинг бутун бир синфи шаклланиб келаётганга ўхшайди.

Мавзуга оид