Германия Марказий Осиё бўйича янги стратегияси – «Яшил Марказий Осиё»ни ишга туширмоқда
Бугун Марказий Осиёнинг 5 республикаси ташқи ишлар вазирлари ҳамда Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Германияда тўпланади. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда Афғонистон ташқи ишлар вазири муовини 2020 йил 28 январда Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас билан Берлинда учрашадилар. Германия ташқи ишлар вазирлигининг Берлиндаги биносида бўлиб ўтадиган анжуманда «Яшил Марказий Осиё» лойиҳасига старт берилади. Ушбу лойиҳа Марказий Осиёда иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалалар устида ишлайди. Бу ҳақда Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси Ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.
Унда таъкидланишича, иқлим ўзгариши ташқи ва хавфсизлик сиёсатига кенг таъсир кўрсатади. Денгиз сатҳининг кўтарилиши, чўллар пайдо бўлиши ва экотизимнинг вайрон бўлиши дунёнинг барча аҳолисини кун кечириш учун зарур манбалардан янада кўпроқ маҳрум қилмоқда. Марказий Осиё ва Афғонистондаги иқлим ўзгариши, шу жумладан, баланд тоғларда жойлашган музликларнинг эриши, сув захиралари ва тупроққа жуда кучли таъсир кўрсатмоқда. Германия «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси билан иқлим ўзгариши оқибатлари ва у билан боғлиқ таҳликалар борасидаги минтақавий мулоқотга кўмак беришни режалаштирмоқда. Шу билан расмий Берлин Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича 2019 йил 17 июнда қабул қилинган стратегиясига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Ҳамкорлик сув захиралари, музликларни сақлаб қолиш, энергетика, биохилмахиллик, ер ресурсларини бошқариш ва қишлоқ хўжалигини қамраб олади ва субмиллий, миллий ҳамда минтақавий даражада амалга оширилади. Кейинги 4 йил мобайнида Марказий Осиё ва Афғонистонда «Яшил Марказий Осиё» номи остида экологик маълумотларни олиш имконияти яратилади, илмий ҳамкорлик кенгайтирилади ҳамда юқори даражадаги сиёсий мулоқот орқали ҳамкорликнинг аниқ амалга оширилишига имкон берилади.
«Яшил Марказий Осиё» ташаббуси Марказий Осиёда сув ташаббусининг («Берлин жараёни») муваффақиятига асосланади. Ушбу жараён Германия томонидан 2008 йил изга туширилган бўлиб, у сув масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ва шу тариқа Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини барқарор бошқаришга бағишланган.
Дастур 2009 йилдан 2020 йилгача давом этди, қисман Европа Иттифоқи томонидан Марказий Осиёнинг барча беш мамлакатида молиялаштирилди ва масъул институтларга сув таъминотини барқарор бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини ва амалий ёндашувларини ишлаб чиқишда ёрдам берди. Фаолият пилот лойиҳалар билан тўлдирилди. Булар сув инфратузилмасини янгилаш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш ва олис ҳудудда кичик гидроэлектростанцияни қуриш, жуғрофий ахборот тизимлари ёрдамида маълумотлар базалари ва хариталарни яратиш кабилардир.
Даромадлари суғориш деҳқончилик билан чамбарчас боғлиқ бўлган 500 мингдан ортиқ инсонлар ва дастурнинг тажриба ҳудудларида истиқомат қилувчи кўплаб одамлар ҳозирда сув таъминоти яхшиланишидан ва олдиндан режалаштириб бўладиган сув таъминоти имкониятларидан баҳраманд бўлмоқда.
Мавзуга оид
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024