Жаҳон | 21:32 / 28.01.2020
7486
2 дақиқада ўқилади

Исроил бош вазири ўзини дахлсизликдан маҳрум қилди

Фото: Reuters

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ўзини парламент дахлсизлигидан маҳрум қилди. Шундан кейин унга учта жиноий иш бўйича расман айблов эълон қилинди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.   

Нетаньяху порахўрлик, товламачилик ва ишончни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Исроил бош прокурори Авихай Мандельблит бош вазир ишлари бўйича айблов хулосасини Ал-Қудс округ судига топширган.

Шу тариқа, сиёсатчи Исроил тарихида суд олдида жавоб берадиган илк амалдаги бош вазир бўлади. Таъкидланишича, Нетаньяху ишлари бўйича биринчи суд мажлиси санаси ҳали белгиланмаган, бироқ суд жараёни бир неча йилларга чўзилиб кетиши мумкин.

Нетаньяху ўз изоҳида унинг дахлсизлиги муҳокамасини у бошқа иштирок этишни истамайдиган “цирк” ва “жирканч ўйин” деб атаган.

Исроил бош вазири нуфузли тадбиркорлардан умумий ҳисобда 264 минг долларлик совға олишда ҳамда ўз фаолиятининг ОАВда ижобий томондан ёритилиши эвазига тадбиркорларнинг бизнесига кўмак кўрсатишда айбланмоқда. Унга бу иш бўйича 13 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Нетаньяху коррупциядаги айбловларни “тўнтарувга уриниш” деб атаган ва терговчиларнинг устидан тергов ўтказиш кераклигини талаб қилган.

Мавзуга оид