Адлия вазирлиги ташаббуси билан шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун бир нечта қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилмоқда.

Хусусан, Фуқаролик кодексини қуйидаги мазмундаги 100-1-модда билан тўлдириш таклиф қилинган:

«Шахсни тасвирга (фототасвир, видеоёзув, у акс этган тасвирий санъат объекти ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа ташқи белгилар йиғиндиси) олиш (тасвирини яратиш) ва ундан фойдаланишга фақат ушбу шахс розилиги билан йўл қўйилади».

Лойиҳада, шунингдек, тасвирдан фойдаланиш деганда нима назарда тутилиши, қандай ҳолларда шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш талаб этилмаслиги белгиланган.

Kun.uz ушбу лойиҳа юзасидан саволлар билан Адлия вазирлиги масъул ходими Муроджон Нажмиддиновга юзланди.

Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг қандай зарурати бор эди?

– Конституцияга кўра, ҳар ким ўзи тўғрисида ноқонуний олинган маълумотлар йўқ қилинишини талаб қилишга ҳақли. Фуқаролик кодексига асосан тасвир ҳуқуқи дахлсиз экани белгиланган.

Бировнинг шахсий маълумотларини, жумладан, тасвирга олиш, расмга ишлов беришга оид муносабатлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинган. Аммо бу қонун шахс томонидан бошқаларнинг тасвирига шахсий, маиший мақсадларда ва иш (тижорат) фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолатлар учун қўлланмайди. Шу боис қонунларда кишиларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқи дахлсиз этиб белгиланган бўлса-да, амалда ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш борасидаги энг асосий қоидалар ҳам мавжуд эмас. (Масалан, кишини тасвирга олиш учун қачон рухсат сўраш кераг-у, қачон шарт эмас?)

Мазкур жиҳат тартибга солинмагани боис қуйидаги салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда:

1. Кишиларнинг бошқа турдаги шахсга доир маълумотлари қаторида тасвирини рухсатсиз тарқатиш ҳолатлари йил сайин кўпайиб бормоқда.

Хусусан, 2021-2024 йилларда маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш/шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш бўйича 1 950 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлиб, ушбу турдаги ишлар сони 2,5 бараварга ошган. Сўнгги 5 йилда шахсий, оилавий сирларни кишининг розилигисиз йиғиш ва уни интернетда тарқатиш таҳдиди, товламачилик каби жиноятлар кўпайиб бормоқда. Бунинг натижасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ошмоқда;