Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиядан ватандошлар жасадини олиб келиш: вақт, харажат ва воситачилар ҳақида
Махлуқотга жон ато этган Зот унга ўлимни ҳам тақдир қилган. Шундай экан, инсон қаерда бўлмасин, ўлим шарпаси соя солиб туради. Аччиқ ҳақиқат шуки, ўлим банданинг ватандан йироқдалигига қараб, ватанига қайтиб олсин, деб кутмайди. Осмонда, ерда, мусофирчиликда, муқимликда ўлим келаверади. Ўлим – бу дунё ҳаётининг мавжудлик қоидаси. Бу ҳолат муҳожирларимизни ҳам четлаб ўтмайди.
Бироқ, айни шундай оғир мусибатдан фойдаланган ҳолда, марҳумнинг жасадини ватанга юборишга фалон миқдорда пул кераклигини эълон қилиб, хайрия ўтказаётганлар ҳам йўқ эмас. Чет элларда вафот этган ўзбек меҳнат муҳожирларининг жасадларини олиб келиш харажатлари давлат томонидан, махсус жамғарма ҳисобидан қопланаётган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда жасадни юбориш учун пул маблағлари йиғишга доир турли акциялар ўтказиш ҳамон кузатилмоқда.
Kun.uz таҳририятининг Россияда бўлиб қайтган мухбири Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўъмон Мансуров билан мулоқот қилди. Суҳбат чоғида Россияда вафот этганларни неча кун муддатда ватанга юбориш мумкинлиги, унинг қиймати ва шу ҳолат билан боғлиқ бошқа жараёнлар ҳақида сўз борди.
«Инсон яқинини йўқотганда шокка тушиб қолади. Жасадни қандай қилиб тезроқ Ўзбекистонга юборишни ўйлайди. Улар бизга мурожаат қилади. Лекин ҳар куни вафот этганларни кузатиш ҳам осон иш эмас.
Аммо шунда ҳам тушунмовчиликлар кузатилади. Буни ўзимиз ҳам сезиб турамиз. 1-2 кунда жўнатиб беролмасак, одамлар хафа бўлади. Лекин бунинг ҳам ўз расмий жараёнлари бор.
Шу имкониятдан фойдаланган ҳолда, сизлар орқали муҳожирларимизга, фуқароларимизга мурожаат қилмоқчиман. Агар шундай ҳолат бўлиб қолса (Худо кўрсатмасин, илоҳим соғ бўлайлик), ҳеч қандай «посредник»ларга ишонишмасин. Мана биз – расмий идора бор. Бир сўм пул керак эмас. Давлат раҳбарияти томонидан шундай имконият тақдим этилмоқда. Бироқ бизга ҳам ёрдам керак. Баъзида одамлар келади, ака иложини қилайлик, тезлаштирайлик, деб пул таклиф қилмоқчи бўлишади. Гап тезликда эмас, гап барчасини расмий қилишда.
Вафот этган одамнинг ҳужжатида битта ҳарфи нотўғри бўлиб қолса, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари нотўғри тушуниб қолса, келгусида ушбу жараёнларни қийинлаштирувчи янги талаблар, қоидалар пайдо бўлишига сабаб бўлиб қолиш эҳтимолдан йироқ эмас.
Бундай бўлмаслиги учун бизга келишсин. Бизга ишонишсин, бундай масалаларни ҳал қилиб берамиз. Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз, тушунамиз. Лекин, шошилиб қолиб, алданиб қолишади. Моргга, юкчига ва терговчига пул беришлари мумкин. Бу назоратга тушиб қолса, янада қийинлашиб кетиши эҳтимоли юқори», – дейди агентликнинг Москва ваколатхонаси раҳбари Саиднўъмон Мансуров.
– Ижтимоий тармоқлар даврида яшаяпмиз. Кўп кўзимиз тушади, бир киши смартфонда видеога олиб, фалон ватандошимизнинг жасадини Ўзбекистонга юбориш учун фалон миқдорда пул керак бўляпти, дейди. Шунга изоҳ беринг, нима бор бунинг ортида?
– Изоҳ битта. Кимдир пул қилмоқчи, кимдир ҳақиқатда ёрдам бермоқчи. Биз шундай ҳолатларга дуч келдикки, қандайдир жасадларни биздан бекитиб юришади. Бугунги кунгача 275 ўзбекистонлик жасадини агентлик ёрдамида ватанга юбордик. Шундан 235 фуқаро жасадини юбориш харажатлари жамғармадан қопланган. Қолганларини юбориш харажатлари ё иш берувчи томонидан, ёки яқинлари томонидан тўланган.
Яна бир ҳолат бор. Жасад юборилгандан кейин ҳам пул сўраш ҳолатлари кузатилади. Бунинг учун қандай одам бўлиш керак, билмадим. Буни очиқ гапириш керак, чунки бу – бор нарса. Биз бу ҳақда фуқароларга айтамиз ва ҳеч бир ҳужжатга имзо қўймасликни сўраймиз. Биргина имзо билан жавобгарликни билмаган ҳолда ўз зиммасига олиб қўйиши мумкин.
Биз кўчадагиларни муҳокама қилмаймиз, аксинча, ўлим ҳолати содир бўлса, бизларга мурожаат қилишларини сўраймиз. Жасадни Ўзбекистонга қайтариш учун 24/7 тартибида ишлашга тайёрмиз. Чунки бу нозик нарса. Унинг жараёнлари бор.
Биз интернет тармоқларида, сиз айтганингиздек, пул тўплаётганларни ҳам кўрмоқдамиз. Лекин мен фуқароларга мурожаат қилмоқчиман. Шу каби хайрия чиқишларини кўришганда, сўраб кўришсин, аниқлашсин нима бўлаётганини. Агарда, пул қандайдир бегона шахснинг (пластик) карточкасига ўтказиладиган бўлса, демак улар фирибгарлар (бўлиши мумкин). Агар оиласининг карточкасига ўтказиладиган бўлса, ҳозирги кунда Россиядан Ўзбекистон банкларининг карточкаларига пул ўтказиш имконияти пайдо бўлди.
Интернетда видеоблогерлар билан чиқиб, шовқин кўтариш ёрдам бермайди. Аксинча, расмий жараёнларни қийинлаштириш, ортга суриши мумкин.
– Иссиқ жон, ҳаёт бор экан, бундай ҳолатлар рўй бериб туради. Келинг, бир нарсага ойдинлик киритиб кетайлик. Марҳум ватанга юборилиши учун неча кун талаб этилади?
– Бунда икки нарсани кўриб чиқишимиз керак. Агар фуқаро уйда вафот этган бўлса, тез ёрдам чақирилади, у инсон вафотини тасдиқлайди. Морг (ўликхона)га жойлаштирилади. Бу ҳодиса тушдан кейин бўлган бўлса, демак биринчи кун ўтди. Эрталаб, терговчи мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилгани ёки йўқлигига доир хулоса беради. Бу хулоса жасадни олиб чиқиб кетиш учун ўликхонага тақдим этилади.
Моргда ўлим сабабини аниқлаш учун жасад очилади. Кейин тиббий экспертиза хулосасини беради. Шу хулоса – жасадни олиб чиқиб кетишдаги энг асосий ҳужжат. Шу билан ЗАГС бўлимига борилади. Бу ерда, 1,5-2 соатлик жараён бор. Нотариал тасдиқланган паспорт таржимаси ва экспертиза хулосасига асосан, фуқаронинг вафот этганини тасдиқловчи гувоҳнома берилади.
Ушбу гувоҳнома бўлсагина, дафн маросимларини ўтказувчи компанияларга мурожаат қилиш мумкин. Жасад айнан шундай компания томонидан моргдан олиб кетилади, ҳурмат билан махсус қутига жойланиб, (русча айтганда гроб, тобут эмас) пайвандлайди ҳамда авиакомпаниянинг юк бўлимига топширилади.
Шу ўринда биз жасадни қанча муддатда олиб борамиз, деган саволга ойдинлик киритишни хоҳлар эдим. Бу авиарейслар вақти ва ҳужжатларнинг қанчалик тез расмийлаштирилишига боғлиқ. Москвадан ҳар куни авиақатнов бор, шу боис биз жасадни 2-3 кунда олиб боряпмиз. Бошқа шаҳарлар ва ҳудудлар, масалан, марҳум жасади Коми республикаси, Владивосток, Хабаровск, Сахалин каби жойларда бўлса, авиарейслар кўриб чиқилади. Айрим жойларга ҳафтада бир марта авиарейс амалга оширилади.
Айтайлик, рейс чоршанбада, фуқаромиз эса шанба куни вафот этган. Душанба куни дафн маросими компаниясининг махсус автомобили боради. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, камида 3 кунда жасадни ватанга юбора оламиз.
Аммо, шундай ҳолатлар бўладики, инсон ёниб кетган. Унинг шахсини аниқлаш иложи йўқ. Фақат ДНК таҳлили орқали аниқлаш мумкин. Бунинг учун терговчилардан рухсат, сўнгра бирор қариндоши келиб, ундан ҳам ДНК таҳлили олиниши керак бўлади. Шундан кейин, биз ариза асосида жасад фалончи фуқарога тегишли эканини тасдиқлаб, ҳужжат қиламиз. Мана шундай вазиятларда вақт чўзилади – 1 ой, 3 ой, 6 ойгача чўзилган ҳолатлар ҳам бўлди. Яхши ният – ярим мол, дейилади. Қўлимиздан келгунча ҳаракатимизни қиляпмиз.

– Келинг, Москва шароитидан келиб чиқайлик. Москвадан жасадни Ўзбекистонга юбориш қанчага тушяпти? Бу рақамни сўраётганимнинг сабаби, юқорида айтганимдек, одамлар хайрия уюштиришяпти. Бунда қанча пул тўплаш ёки тўлаш керак бўлади?
– Ҳозирги кунда Москва шаҳри ва унинг атрофида 100 км масофада ўзбекистонлик фуқаро жасадини ватанга юбориш 34 500 рублга (550 доллар атрофида) тушмоқда. Биз тендер эълон қилдик, юзга яқин дафн қилувчи компанияларга хат юбордик. Ҳар бирининг таклифини, вақтини ўрганиб, авиапарвозни ҳисобга олганда, Москвадан Ўзбекистоннинг исталган шаҳрига шу нархда етказилади.
– Юқорида ДНК таҳлиллари ҳақида гапирдингиз. Шу таҳлиллар орқали шахси аниқланмаган ҳолатлар бўлганми?
– Бизда бир ҳолат бўлди. Икки киши ёниб кетган эди. Қўпол гапирганда, жасаддан 6-7 кг қолган эди. Биринчи ДНК таҳлили туғишган опасини опа эмас, деб кўрсатган. Одамларда турли саволлар пайдо бўлди. Бироқ, иккинчи таҳлил чуқурроқ ўтказилди ва 70 фоизга қариндош эканлиги тасдиқланди.
Бундай ҳолатларда, албатта, ҳал қилувчи қарорни Россия терговчилари беради, уларнинг хулосаси билангина жасад Ўзбекистонга қайтарилади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси манзили:
Москва шаҳри, 1 казачий переулок 11/2
Ваколатхона навбатчи телефони: +79250454744
Мавзуга оид
21:30 / 21.01.2026
Россия иқтисодиёти мигрантларсиз яшай оладими?
11:07 / 15.01.2026
🔴 LIVE: Россия ортиқ вариант эмас: меҳнат муҳожирлари нима қилади?
21:57 / 19.12.2025
“Ксенофобия Россиянинг фундаментал муаммоси” – Москвадаги фожианинг сабаблари ҳақида суҳбат
20:50 / 19.09.2025