Ўзбекистон | 21:04 / 28.01.2020
14836
3 дақиқада ўқилади

Самарқандликлар энди трансформатор ишдан чиқишидан азият чекмайдими?

Куз-қиш мавсумида одатда истеъмолчилардан тушадиган асосий мурожаатлардан бири – трансформаторларнинг ишдан чиқиши билан боғлиқ. Ўтган йилнинг ўзида вилоятда 6 миллион долларлик трансформаторлар ўрнатилган.  

Кўпгина ҳудудларда ўрнатилган трансформаторларнинг нисбатан эскиргани, қиш мавсумида зўриқиб ишлаши натижасида авария ҳолатлари юзага келади. Ишдан чиқиши кўплаб истеъмолчиларнинг маълум муддат электрсиз қолишига сабабчи бўлади.

Одатда ишдан чиққан трансформаторлар Тошкентга олиб борилиб, таъмирланарди. Бу эса маълум миқдордаги харажат ҳамда вақт талаб этарди.  “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташаббуси билан энерготизимнинг Самарқанд вилоятидаги ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида “Самарқанд шаҳар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” ҳудудида трансформаторларни таъмирлаш устахонаси фаолияти йўлга қўйилди.

Маълумотга кўра, биргина 2019 йил давомида Самарқанд вилояти бўйича жами куйган трансформаторлар сони 758 тани ташкил этади. 2020 йилнинг бугунги кунига қадар эса 48 марта трансформаторлар ишдан чиқиши кузатилган.

Юқорида айтиб ўтилган цехда эскирган ҳамда таъмирталаб трансформаторлар ҳам қайта таъмирланиб яна хизмат кўрсатиш учун қайтарилади.  

Бирламчи ҳисоб-китобларга қараганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва янги қурилиш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида трансформатор пунктларини реконструкция ва модернизация қилиш жараёнда, мазкур корхона етарлича соф фойда олиб келиши маълум бўлди.

Мазкур фойдани келгуси йил ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ҳамда устахона фаолиятини кенгайтиришга қаратиш белгиланди.

Эндиликда шартнома асосида қўшни вилоятларга ҳам техник хизмат кўрсатиш бўйича келишувлар йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Шунингдек, эскириб кетган симёғочлар юзасидан ҳам истеъмолчилардан мурожаатлар тушади. Мазкур муаммо “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти эътиборида бўлиб, сўнгги бир йилда  Самарқанд шаҳри аҳолисини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 420 та симёғочлар темир-бетон устунларга алмаштирилган ва бу жараён давом этади.

Шунингдек, 351 километр тармоқ, 162 та ТП мукаммал таъмирланди. 400 километр ҳаво электр линиялари жорий таъмирланиб 20 дан ортиқ маҳаллада электр таъминотини яхшилашга эришилган.

2020 йилда 260 километр тармоқларни ҳимояланган электр симларига алмаштириб, 360 километр тармоқни мукаммал ҳамда 500 тадан ортиқ трансформаторларни мукаммал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, 1200 та ёғоч устунлар ўрнига темир-бетон устунлар ўрнатилиб, электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларга босқичма-босқич барҳам бериш кўзда тутилган.

«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати

Мавзуга оид