Ўзбекистон | 14:40 / 28.01.2020
1891
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Start-up»лар учун бизнес-инкубаторлар ташкил қилинади

28 январь куни Савдо-саноат палатаси ва Корея Республикасининг халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИКА) ўртасида қиймати 5,5 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг бўлган "Ўзбекистонда бизнес инкубация тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш" лойиҳасини ишга тушириш тўғрисида битим имзоланди.

Лойиҳа Кореянинг энг яхши тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, янги иш бошлаган тадбиркорларга ўз бизнес ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тизимини ишлаб чиқишга қаратилган.

Ушбу лойиҳа доирасида кореялик мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, улар билан келгуси 4 йил ичида қуйидаги йўналишлар бўйича иш олиб борилади:

- Тошкент шаҳрида янги ишбилармонларга ўз бизнес ғояларини амалга оширишда малакали мутахассислардан амалий ёрдам олишлари мумкин бўлган намунали бизнес-инкубаторни яратиш;

- бошланғич тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда инновацион бизнес экотизимини ривожлантириш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

- ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришни рағбатлантиришга йўналтирилган ташкилотларнинг (лойиҳаларнинг) институционал ривожланишига кўмаклашиш;

- Корея Республикасида ўқув амалиётини ташкил этиш орқали ёшлар ва инновацион бизнесни ривожлантириш билан шуғулланувчи идора ва ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш; 

- ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш тўғрисидаги бошланғич тадбиркорлар учун барча зарур маълумотларни ўз ичига олган яхлит ахборот тизимини яратиш.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрда Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида КОИКА агентлиги кўмагида Ўзбекистонда бизнес инкубация тизимини ривожлантиришга қаратилган лойиҳани амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид