Ўзбекистон | 23:01 / 29.01.2020
20660
7 дақиқада ўқилади

Бош консул мигрантлар ҳақида: «Ҳамма ишга бораверса, иш берувчи шароитни яхшилашга уриниб ҳам кўрмайди»

Ўзбекистонликлар нима учун консуллик тавсияларини инобатга олмайди? Қонунчиликка зид ёки ижро этиш имконсиз бўлган талаблар ҳам бўлишини биласизми?

Ўзбекистоннинг Татаристондаги бош консуллиги раҳбари Фаридин Насриев Kun.uz мухбири билан суҳбатда шу мавзуларда сўз юритди.

– Консулликка кўпроқ қандай мурожаатлар бўлади?

– Мурожаатларга келсак, кунига 50-60 киши бевосита консулликка келган ҳолда мурожаат қилса, яна шунча киши телефон орқали қўнғироқ қилади. Бундан ташқари, электрон почта орқали мурожаатлар ҳам бор. Буларнинг барчаси биз учун мурожаат ҳисобланади. Албатта, уларнинг барчаси кўриб чиқилади, бироқ баъзан бирига устуворлик берилади, бошқа бири тезкорлик билан кўриб чиқилади.

Мурожаатларга доир бир-иккита мисол келтираман, ўқувчилар ўзлари хулоса чиқариб олишади, деб ўйлайман.

Бир онахонимиз Ўзбекистондан қўнғироқ қилдилар. Консуллигимиз хизмат кўрсатадиган ҳудудда ўғли ва келини яшаб, ишлашини, уларга бегона шахслар тажовуз қилаётганини айтди. Биз барча маълумотларни олиб, йигитга қўнғироқ қилсак, ўчган. Келинининг телефони ҳам ўчган. Улар биздан 70-80 км узоқликдаги бир шаҳарда эди. Ўша шаҳар полициясига қўнғироқ қилдик, манзилини бердик. Полиция ўз нарядини юборса, уларга ҳам эшикни очишмаган.

Бу ёқда онахон йиғлаб қўнғироқ қиляпти. Ўзим ҳам етиб бордим. Эшикни очадиган махсус мутахассисларни чақирдик, эшикни бузиб кирсак, эр-хотин ҳеч нарсадан хабари йўқ, ухлаб ётибди.

Биз онангизнинг қистови билан келдик, десак, онаси билан аразлашиб қолгани ва 2 ҳафтадан буён гаплашмаётгани, унга қўнғироқ қилмаётганини айтди. Онахонга вазиятни тушунтириб, нега ундай йўл тутганини сўрасам, шундай демасам, бориб хабар олмасдингиз, дейди. Тўппа-тўғри, мен бормасдим. Аммо биз ва полиция онахоннинг мурожаати билан овора бўлиб турган вақтда, ҳақиқатдан ҳам ёрдамга муҳтож бошқа бир фуқаро қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин-ку?! Қолаверса, полицияга бошқа ҳақиқий ҳолатда қўнғироқ қилсак, улар қандай баҳо бериши мумкин?

– Фариддин ака, ижтимоий тармоқларда консулликлар фаолияти хусусида турли гап-сўзлар юради. Шулар қанчалик асосли?

– Биласизми, юқорида айтганимдек, мурожаатлар кўп. Яна бир гап бор. Ишини битирган, консулликка бордим, ишимни тезда ҳал қилиб берди, деб ҳеч қачон айтмайди. Кимнинг иши турли сабабларга боғлиқ бўлса, бу сабаблар эса, фақат бизга боғлиқ бўлиши мумкин эмас, у ўзининг мурожаати ҳал бўлмаётгани ҳақида жар солади.

Фуқаролар сони кўп бўлгани боис, мурожаатлар сони ҳам кўп-ку. Статистикада ҳал бўлган мурожаатлар сонига қаралса, ҳал бўлмаганлари жуда кам. Татаристонда 1 млн.га яқин  ўзбекистонлик бор. Россияда эса 7та консуллик ватандошларга хизмат кўрсатади.

Бош консул суҳбат давомида мурожаатлар мазмунига ҳам эътибор қаратди.

– Фуқаролар ҳар хил мурожаат қилади. Мисол учун, улар мендан молиявий ёрдам бер, деб сўрашлари мумкин. «Иш билан таъминлаб бер». Айрим ҳолатларни сўзлаб бераман сизга. Шу ердаги бир-икки корхонада бизнинг фуқаролар ишлаган. Бу корхона маошни вақтида бермайди, шароитлари яхши эмас. Биз бу каби корхоналарнинг рўйхатини тузиб борамиз.

Хабар қилишдики, 10 нафар атрофидаги фуқароларимиз ўша корхонага бориб ишламоқчи. Биз уларга чиқиб, ушбу корхонада ишламасликни, улар ўзбек меҳнат мигрантларини алдагани, маошни вақтида бермаслигини айтдик. Бироқ фуқаро «қаерда ишлаш менинг ишим, хоҳласам ишлайман, хоҳламасам йўқ, сиз аралашманг», деди. Тўғри, биз унинг қаерда ишлашига аралашолмаймиз, балки тавсия, маслаҳат бера оламиз.

Лекин, афсуски, 1,5 ойдан кейин ўша 10 кишининг 6 нафари бизга мурожаат қиляпти, ойлик маош бермаётгани ҳақида. Бу корхона яхши эмаслиги ҳақида айтган эдим, десам, фуқаромиз, «ойликни олиб бериш сенинг ишинг, сен ишингни қил», деяпти.

Албатта, мен истасам-истамасам унга ҳуқуқий ёрдам беришим керак. Бироқ фуқаро ҳам тушуниши керакки, унга тавсия берганимизда нотўғри маслаҳат бермаймиз. Чунки шу ерда ишлаяпмиз. Фуқаро унга берилган маслаҳатни тўғри қабул қилишни ҳам билиши лозим.

– Мана шу каби ҳолатларда фуқароларимиз зиммасига тушган мажбурият деймизми, вазифа нимадан иборат?

Яна бир жиҳат шуки, иш берувчининг ойлиги паст бўлса, шароитлари яхши бўлмаса, бизнинг фуқаролар ўша ишларга бормаса, улар мажбур бўлади шароитларни яхшилашга, маошни кўтаришга. Ҳамма ишга бораверса, иш берувчи шароитни яхшилашга уриниб кўрмайди ҳам. Биз шуни фуқароларимизга тушунтиролмаяпмиз. Фуқаролар шуни англамаяпти.

Яқинда яна бир қизиқ ҳолат бўлди. Бир фуқаромиз ОАВга мурожаат қилиб, уни қамоқхонада ноқонуний ушлаб туришганини айтди. Илова қилинган ҳужжатга кўра, 2018 йилги суд қарорига мувофиқ, фирибгарликда айбланган бўлса-да, етказилган зарарни тўлиқ қоплагани учун озод этилиши қайд этилган. У мурожаатига ўша суд қарорини илова қилган. Унинг таъкидлашича, «суд уни озод қилиш бўйича қарор чиқарган, бироқ уни қўйиб юборишмаяпти, консуллик эса ёрдам бермаяпти».

Биз ҳолатни ўргандик. Маълум бўлишича, 2018 йилги иш бўйича у қўйиб юборилган, бироқ 2019 йилда унга нисбатан бошқа бир жиноий иш очилган, яъни гиёҳванд маҳсулотларни тарқатиш билан шуғулланганига доир. Мурожаатида эса, умуман бошқа ҳолатни рўкач қилган. Иккинчи иш бўйича ҳам тергов жараёни билан танишдик. Далил-исботлар бор. Биринчи иш бўйича ҳам қилган ишини тан олди. Бироқ, унинг айтишича, консуллик аралашса, қўйиб юборишади, деб ўйлаган.

Шу билан бирга, у ўзи сақланиб турилган қамоқхонадан яқинлари яшайдиган ҳудуддаги қамоқхонага ўтказиб беришда амалий ёрдам сўради. Маълум бўлишича, бунинг ҳам иложиси йўқ экан, чунки у Россияда ноқонуний бўлган, яъни регистрацияси бўлмаган. Бир қамоқхонадан иккинчисига ўтказишга қонуний асос мавжуд эмаслигини айтишди. Мен унга қўнғироқ қилиб тушунтирсам, мен сиздан норозиман, 2 марта ҳам менинг мурожаатимни ҳал қилмадингиз, устингиздан шикоят қиламан, олдимга келиб-кетишингизни талаб қиламан, деди.

Шу вақтгача, бир неча маротаба арз-шикоятлар қилди. Бизнинг қўлимиздан келса, шусиз ҳам ҳал қилиб берамиз ишини, аммо қонунчиликка тўғри келмайдиган нарсаларни ҳам талаб қилишади.

Мавзуга оид