Жаҳон | 21:09 / 29.01.2020
23327
3 дақиқада ўқилади

Путин Чувашистон раҳбарини истеъфога чиқарди. У журналистларни ҳақоратлаган ва ўт ўчирувчининг устидан кулганди

Россия президенти Владимир Путин ўз фармони билан Чувашистон президенти Михаил Игнатьевни «ишончни оқламагани» учун истеъфога чиқарди. Январь ойида Игнатьев иккита шов-шувли можаро марказида қолганди.

Фото : GETTY IMAGES

Кремль сайтида маълум қилинишича, Игнатьев «ишончни йўқотгани» сабабли лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига вақтинчаликка Давлат думаси депутати Олег Николаев тайинланди.

50 ёшли Игнатьевнинг истеъфога чиқарилишидан олдин унинг иштирокида иккита шов-шувли можаро юз берганди.

Чувашистон раҳбари 18 январда Матбуот кунига бағишланган чиқишида баъзи журналистлар ва блогерлар республикага «турли йўллар билан» пул ишлагани келишларини, у ерда «яхши ўрнашиб олиб», «ҳеч ким ва ҳеч нарсадан бехабар бўлар-бўлмас нарсаларни ёзишлари»ни айтган.

«Шу сабабли уларни, халқ тилида айтиладигандек, таъзирини бериш керак. Улар қаердан, қандай ниятда келганлари, қаерда яшашлари, ишлашлари, қандай пул топишлари ҳақида гапириш керак», деб айтган Игнатьев.

Чувашистоннинг эндиликда собиқ раҳбари иштирокидаги яна бир можаро ўт ўчирувчиларга янги хизмат машиналари калитларини топшириши вақтида юз берган. Маҳаллий матбуотда ёзилишича, ушбу воқеа видеосида Игнатьев машина калитини топшириш вақтида уни баланд кўтариб, «фавқулодда вазиятлар зобитини калитни олиш учун сакрашга мажбур қилгани» акс этган.

Матбуотда Игнатьевнинг бу хатти-ҳаракати «зобитни калака қилиш» сифатида қабул қилинган. Шундан кейин Чувашистон раҳбарининг бу «қилмиши» фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва у аъзоси ҳисобланган «Единая Россия» партияси томонидан ҳам танқид қилинган. Можародан кейин Игнатьев партия сафидан чиқарилган. Игнатьевнинг матбуот хизмати эса калитни олиш учун сакраган зобит республика раҳбарининг кўп йиллик таниши экани ва барчаси дўстона тарзда кечганини айтган.

Путин маъмуриятидаги манбаларнинг маълум қилишича, Игнатьевнинг истеъфоси унинг иштирокидаги можароларгача режалаштириб қўйилган эди. Уларнинг таъкидлашича, Чувашистонга 2010 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган Игнатьевнинг рейтинглари паст ва соғлиғида муаммолар бўлган.

Игнатьевнинг ваколатлари муддати 2020 йил сентябрда тугаши керак бўлган.

Мавзуга оид