Ўзбекистон | 22:51 / 30.01.2020
11588
3 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов ёшлар билан учрашди. 2019 йилда тизимдаги 46 ёш ходим жиноятга қўл урган

Ички ишлар тизимида 2019 йил давомида 2351 нафар ёш ходим хизмат интизомини бузган. Жумладан, 70 нафари хизмат вақтида спиртли ичимлик ичган, 46 нафари одамлар билан қўпол муомалада бўлган, 100 нафари хизмат жойини узрли сабабларсиз ташлаб кетган, 31 нафари хизмат кийимини кийиш қоидаларини бузган, 148 нафари мурожаатларни кўриб чиқиш муддатига риоя қилмаган.

Бу ҳақда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов 29 январь куни ўтказилган ёшлар билан учрашувда маълум қилди.

Учрашувда ички ишлар тизимидаги ёш ходимлар билан ишлашдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида сўз юритилди. Жумладан, 2019 йилда ўзи қонун ҳимоячиси бўла туриб, 46 нафар ёш ходим жиноятга қўл ургани, мазкур жиноятларнинг асосий қисмини йўл-транспорт ҳодисалари, хизмат ваколати доирасидан четга чиқиш ва порахўрлик ташкил этиши айтилди.

«2020 йил 7 январда Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида яшовчи Сайфиддин Жабборов автомашинани ҳужжатларсиз бошқаргани сабабли машинаси жарима майдончасига қўйилган. Вилоят ИИБ Йўл-патруль хизмати инспектори 22 яшар Бобур Ҳасанов машинани жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига ундан пул талаб қилган. Сафдор Ҳасанов фуқаро Жабборовдан 1 млн сўмни пора сифатида олаётган вақтда ушланган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Афсуски, бу каби нопок ходимлар тизимнинг обрўсига путур етказмоқда. Арзимаган пулни деб бу ходим оиласи, маҳалласи, ҳамкасблари орасида юзи қора бўлди.

2019 йили июнда Тошкент шаҳар Патруль-пост хизмати ходими 22 яшар Шоҳимардон Қоржонов хизмат пайтида укасининг автомашинасини ҳужжатларсиз бошқариб, ушбу машинада қарама-қарши йўналишга чиқиб, фуқаро Қурбонов бошқарувидаги автомашина билан тўқнашган ва унинг вафот этишига сабабчи бўлган. Оқибатда у ички ишлар органлари тизимидан четлаштирилди ва жиноий жавобгарликка тортилди.

Ушбу мисоллардан кўриниб турибдики, ҳануз ёш ходимларга тўғри йўл кўрсатадиган, касб сирларини ўргатадиган мураббийлар институти фаолияти биз кутган натижани бермаяпти», – дея Пўлат Бобожоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид