Самарқанд шаҳридаги матбуот уйида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов иштирокида йил якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда маъруза қилган вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар ва тадбиркорлик бўйича ўринбосари Жамшид Ўроқов 2019 йилда Самарқандда олиб борилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.

«Биз ОАВ таҳлилларида маълумотлар аниқ бўлиши учун уларга иқтисодий комплексга боғлиқ фактларни ўзимиз беришга қарор қилдик»,— деди сўзи аввалида ҳоким ўринбосари.

Маърузаси аввалида Ўроқов вилоят аҳолисининг аниқ миқдори ҳақида маълумот берди ва ялпи ҳудудий маҳсулот аҳоли жон бошига қанчадан тўғри келишини айтди: «Самарқанд вилояти аҳолиси 3 миллион 878 минг нафарга етди. 2019 йилда вилоят аҳолиси 85 минг кишига кўпайган. Вилоят ЯҲМ 2018 йилда 31 триллионни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 37,6  триллионга етди. ЯҲМ аҳоли жон бошига 2018 йилда 8,8 миллион сўмни ташкил қилган, 2019 йилда бу кўрсаткич 9,7 миллион сўмга, долларда ҳисоблаганда 1 000 АҚШ долларига тенг бўлди (Маълумот учун мамлакат ЯИМ аҳоли жонбошига 1 500 АҚШ доллари атрофида тўғи келади). Бу бизнингча, анча паст кўрсаткич, уни оширишимиз керак. Масалан, кўрсаткичларимиз Қозоғистондагидан анча паст».

Ўроқовнинг айтишича, 2019 йилда Самарқандда саноатнинг автомобилсозлик соҳаси анча ўсган: «Иқтисоднинг асосий бўғинларидан бўлган саноатнинг 39,4 фоизи озиқ-овқат саноатига тўғри келмоқда. Автомобилсозликнинг саноатдаги улуши 28,8 фоизга етганини хурсандчилик билан айтишимиз мумкин. Вилоятдаги «Самавто» заводи ишлаб чиқариш ҳажмини оширди, «КамАЗ»нинг ҳам йиғиш цехларини ишга туширдик.

Ўтган йилда енгил саноат, хусусан текстил маҳсулотларини ишлаб чиқариш Самарқанд вилоят саноат комплексининг 17,2 фоизини ташкил этди. 2019 йилда вилоятда саноат корхоналари сони ошди. 2018 йилда бундай корхоналари сони 5 550 та эди, ортда қолган йилда уларнинг сони 6 348 тага етди. Самарқандда замонавий саноат павилёни очиш бўйича ишлаяпмиз. Бу ерда Самарқанднинг ишлаб чиқариш салоҳияти очиб берадиган кўргазмалар доимий ўтказилади».

Ўроқовнинг айтишича, вилоятдаги суғориладиган ерларнинг асосий қисми фермер хўжаликларига тегишли: «Айни дамда Самарқанддаги суғориладиган ерларнинг 66 фоизи фермерларга, 31,7 фоизи деҳқон хўжаликларига, яна 2,2 фоиз ер қишлоқ хўжалик маҳсулотини қайта ишлайдиган корхоналарга тегишли. Биз айнан фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш орқали қишлоқ хўжалигининг иқтисодий кўрсаткичларини оширишимиз керак. Чунки Самарқандда сув муаммоси бўлишига қарамай қишлоқ хўжалиги кўрсаткичларининг 2 фоизгагина ўсиши яхши эмас. Бу борада кластерларни кўпайтиришга эътибор беришимиз керак. Ҳозир 12 минг гектар ер танлаб олинган ва у ерда пайдо бўладиган кластерларда плантациялар ташкил қилинади».