Ўзбекистон | 11:56 / 01.02.2020
4366
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан давлат хизматлари интерактив инфокиосклар орқали кўрсатилади

Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Давлат хизматлари марказлари филиаллари босқичма-босқич ташкил этилади.  

Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Президентининг Фармони эълон қилинди.

Фармон билан Адлия вазирлигининг Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими Агентликка ўтказилди.  

Фармонга мувофиқ, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Давлат хизматлари марказлари филиаллари босқичма-босқич ташкил этилади.  

Филиалларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

жисмоний ва юридик шахсларга кенг қамровли, шу жумладан мобиль (сайёр) давлат хизматларини кўрсатиш; фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланишнинг бошланғич кўникмалари бўйича маслаҳатлар бериш; тегишли ҳудуд аҳолисини кўрсатиладиган давлат хизматлари ҳақида мунтазам хабардор қилиб бориш.

Филиаллар маҳаллаларнинг фуқаролар йиғинлари биноларида бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Фармонда белгиланигшича, филиаллар, зарур ҳолларда, алоҳида, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида, шунингдек, Агентлик, адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қурилган биноларда жойлаштирилиши мумкин. 

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги:

Агентлик билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар талаб энг юқори бўлган электрон давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган мобиль илованинг тўлиқ шакли жорий этилиши ва кейинчалик тизимли асосда такомиллаштириб борилишини таъминлайди; икки ой муддатда хизматдан фойдаланувчилар томонидан электрон рақамли имзодан фойдаланмасдан идентификациялашнинг муқобил механизмларини жорий қилган ҳолда Интернет тармоғи орқали давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини жорий этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.  

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

2020 йил 1 апрелга қадар Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча давлат хизматларини таҳлил қилади ва давлат хизматларини кўрсатишдаги идоралараро ва ички идоравий тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича чораларни кўради;

2020 йил 1 майга қадар филиалларни маҳалла ёки бир нечта маҳаллаларнинг эҳтиёжини, шу жумладан улардаги аҳоли сони, Давлат хизматлари марказларидан узоқлигини таҳлил қилиш асосида ташкил этиш бўйича минимал ташкилий-техник талаблар, шунингдек, филиаллар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматларини аҳоли гавжум бўлган ва жамоат жойларида (диний муассасалар, аэропортлар, вокзаллар, метро бекатлари, савдо-кўнгилочар комплекслар) ўрнатиладиган интерактив инфокиосклар орқали ўзига ўзи хизмат қилиш тамойили асосида кўрсатиш тартибини жорий этади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид