Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХТВ тизимида ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларининг олдини олиш учун тушунтириш ишлари олиб борилади
Янги коронавирус касаллигининг тарқалиши муносабати билан Халқ таълими вазирлиги тизимида ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларининг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилади. Бу ҳақда вазирлик маълумотида айтилган.
Ўтган йилнинг 31 декабрь куни Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га мамлакатнинг Ухан шаҳрида номаълум пневмония эпидемияси юзага келгани ҳақида хабар қилган эди. Касалланишнинг биринчи ҳолатини денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозор билан боғлашмоқда. Жорий йилнинг 7 январь куни хитойлик мутахассислар касаллик қўзғатувчиси коронавирус 2019-nCoV эканини аниқлашди. Коронавирус бошқа хориж мамлакатларида ҳам қайд этилган.
Ўзбекистонда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат чегараси кесишган жойлардаги санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига кўра, Халқ таълими вазирлиги тизимида ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларини олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларини олдини олишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқди:
- хоналар ҳароратини меъёрда бўлиши, хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва намли дезинфекция ишларини мунтазам олиб бориш;
- касалликнинг клиник белгилари ва тана ҳарорати юқори бўлган ишчилар, талабалар ва ўқувчилар аниқланганда уларни ишга ва ўқишга қўймаслик, тиббий муассасага мурожаат этишини ташкил этиш;
- ҳожатхоналарда тозалаш ва дезинфекция ишларини мунтазам олиб борилишини назоратга олиш;
- ҳожатдан чиққанда ва овқатланишдан олдин қўлни совунлаб ювиш ва шахсий гигиена қоидаларига мунтазам риоя этилиши;
- талаба ва ўқувчиларни тиббий ниқоблар билан етарлича таъминлаш;
- ходимлар, талабалар ва ўқувчилар иштирокида тиббиёт мутахассисларини жалб қилган ҳолда коронавирус инфекциясини профилактикаси бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш.
“Ўзингиз ва оила аъзоларингизда юқорида қайд этилган касаллик белгилари кузатилса, зудлик билан ҳудудингиздаги тиббиёт муассасасига мурожаат этинг. Ҳар қандай даволаш ишлари шифокор назоратида амалга оширилиши лозим”, - дейилади маълумотда.
Мавзуга оид
18:37 / 21.09.2025
COVID-19 пандемияси бошланишини ёритган хитойлик журналист 4 йилга қамалди
15:47 / 06.08.2025
АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мРНК-вакциналари учун маблағни қайтариб олди
21:02 / 24.07.2025
Олимлар COVID-19 пандемияси одамларнинг миясини қаритганини аниқлади
17:18 / 05.07.2025