- Ўзбекистонда барқарор иш ўринларини қандай қилиб кўпроқ ташкил этиш мумкин?
- Ўзбекистон ноёб имкониятга эга, чунки сизнинг мамлакат дунёда 6-энг йирик пахта толаси етиштирувчи мамлакат ҳисобланади. Бундан ташқари, ишга лаёқатли фуқаролар сони ҳам жуда кўп. Бунга қўшимча равишда жуғрофий жойлашуви Европага яқин. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари Европага 2 ҳафтада кириб бориши мумкин. Бу, мисол учун, Осиёнинг бошқа минтақаларида ишлаб чиқилган шу турдаги маҳсулотларни етказиб бериш учун талаб этиладиган 6-8 ҳафтадан анчагина қисқа муддатдир.
Бу яна шуни англатадики, чакана сотувчилар, маҳсулотлар таъминотини қисқа вақтда амалга ошира олади. Шунга кўра, Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик саноатида миллионлаб иш ўринлари яратишдек улкан салоҳиятга эга. Бунинг учун тўғри малакага эга бўлиш ҳамда хорижий инвесторлар, харидорлар ва компанияларни жалб этиш талаб этилади. Бугунги кунда гувоҳ бўлиб турганимиз, пахта ҳосилини йиғиб олишда мажбурий меҳнатга барҳам берилиши – хорижий брендлар, чакана савдо билан шуғулланувчиларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун улкан қадамдир.
- Ўтган йили ҳарбийлар ва ички ишлар идоралари ходимлари пахта теримига жалб қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг бу масалада қараши нимадан иборат?
- Ҳарбий хизматчилар меҳнати борасида Халқаро меҳнат ташкилоти ўз қарашига эга. Нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг ҳар қандай мамлакати иқтисодий тараққиёт ёки бошқа мақсадларда ҳарбий ходимлар кучидан фойдалана олмайди. Давлат фавқулодда вазиятлар ва можароларга барҳам беришда ҳарбийларни жалб эта олади, холос. Бу қоидага баъзи истиснолар ҳам бор, аммо одатдаги ишларда ҳарбийлар ўзлари хоҳласа ҳам, уларнинг меҳнатига пул тўланган тақдирда ҳам, уларнинг кучидан фойдаланиш мумкин эмас. ХМТнинг ушбу масаладаги қараши шуки, бу ташкилот меъёрларига тўғри келмайди. Албатта, бизга айтганларидек, булар вақтинчалик чоралар бўлган ва тўхтатилади.
- Ҳашарлар борасида ташкилот нима дейди? Чунки, ўтган йили кўплаб вилоятлар ҳокимлари ҳашарлардан ҳаддан ортиқ кўп фойдаланди.
- Ҳашар – ўзбек анъанаси бўлиб, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам шунга ўхшаш одатлар мавжуд. Маҳаллий жамоатчилик вакиллари, ўз хоҳиш-ташаббуслари билан жамиятдаги бирор инфратузилмани тузатиш, дарёларни тозалаш, атрофни ободонлаштириш каби ишларда бирлашиб туради.














