Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лукашенко коррупциячи амалдорлар бўлган самолётни Европадан ортга қайтартирганини маълум қилди
Январь охирларида Беларусда шакар заводларининг директорлари ҳибсга олингани ҳақида гаплар тарқалган эди. Яқин кунгача Беларусь ҳуқуқ-тартибот идораларида бу вазиятга ҳеч қандай изоҳ берилмай келган. Мамлакат президенти Александр Лукашенко бунга илк бор изоҳ берди.
24 январда “Белавиа” авиакомпаниясининг Минскдан Мюнхенга мунтазам рейсни бажараётган самолёти Польша устида ортга қайтарилиб, Беларуснинг чегарадаги Гродно шаҳрида қўндирилган.
Йўловчиларнинг таъкидлашича, шундан кейин самолётга махсус хизматлар кийимида бўлган одамлар кириб, бир нечта фамилияни ўқиган ва салондан 6-8 кишини, жумладан 2 нафар ўсмир қизни олиб чиқиб кетган. Қолган йўловчилар Мюнхенга 8 соатлик кечикиш билан етиб боришган. Самолёт сардори ушбу воқеани “носозликлар” билан тушунтирган.
4 февралда Беларусь етакчиси Александр Лукашенко журналистларга самолёт бортида Европага қочиб кетиши мумкин бўлган коррупциячи амалдорлар бўлгани учун унинг буйруғи билан ортга қайтарилганини маълум қилди.
“У ерда погонлилар ҳам қўлга тушди. “Барчасини камерага тиқинг” деб буюрдим. Барчасини. Самолётни Ғарбий Европадан қайтариб, қўндиришни ва уларни самолётдан олиб чиқишни буюрдим. Самолётни қайтаришди, уларни олиб чиқиб, тергов изоляторига жўнатишди. Уларга қаттиққўл муносабат бўлади”, деб айтган Лукашенко.
Аввалроқ ОАВда Беларусдаги барча 4 та шакар заводи директорлари ҳамда Беларусь шакар компаниясининг Москвадаги раҳбари ҳибсга олингани маълум қилинганди. ОАВ маълумотларига кўра, “шакар иши” бўйича ҳибсга олинганлар сони 10 кишидан ошиши мумкин.
Беларусь раҳбари уларни шакар сотишдаги фирибгарликлар ва бошқа товламачиликларда айблаган.
“Бир кун ичида ҳаммасини сидириб олдик, бу менинг қатъий буйруғим эди. Барчаси кўрсатма берди. Уларни ҳеч ким қийнамади, урмади – ўтқизиб, “фақат тўғрисини айтасан”, дедик. Барчаси ким билан алоқада бўлгани, кимларга олиб боргани, кимга берганини ёзиб берди. Тинтувлар ўтказдик, талайгина мол-мулк топилди: ўнлаб замонавий машиналар, ўнлаб квартиралар, ҳашаматли уйлар ва жуда катта миқдорда пуллар”, деб маълум қилган Беларусь президенти.
Лукашенконинг таъкидлашича, унда ҳибсга олинганлардан бирортасига нисбатан шахсий ҳусумат йўқ.
“Менда ҳеч кимга эътироз йўқ. Мен давлат манфаатларини ҳимояламоқдаман. Биласизми, яна нима ғазаблантиради: сен у ерда нефть, газ, металл, яна нимадир бўйича тийинга курашаётган, бир нарса қуришга, одамлар маош олиши учун ҳаракат қилаётган бир пайтда, бу палидлар куппа-кундуз куни ўғирламоқда. Ахир бу тўғрими? Нотўғри. Шунинг учун бу барча директорларга сабоқ бўлсин”, деб сўзларини якунлаган Лукашенко.
Мавзуга оид
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
22:16 / 16.06.2026
Ватикан ва «яҳудийлар лоббиси» Путинни алдади — Лукашенко
09:00 / 01.06.2026
Лукашенко: “Украинадаги воқеалар Арманистон учун сабоқ бўлиши керак”
22:20 / 24.05.2026