Трамп: АҚШ «Ал-Қоида»нинг Арабистон яриморолидаги етакчисини ўлдирди
«Ал-Қоида» террорчилик ташкилотининг Арабистон яриморолидаги гуруҳи (AQAP) етакчиси Қосим ар-Римий АҚШ ҳарбийлари Яманда ўтказган аксилтеррор амалиёт натижасида ўлдирилган. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди.
«Ар-Римий бошчилик қилган даврда AQAP Ямандаги тинч аҳолига қарши қонли террорчилик ҳаракатлари уюштирилган, шунингдек, у бир неча бор америкалик ҳарбийларга ҳужум уюштиришга уринган.
Унинг ўлими гуруҳни ва «Ал-Қоида»ни янада кучсизлантиради. Бу эса бизнинг миллий хавфсизлигимизга бўлган жиддий таҳдид бартараф этилиши демакдир», деган президент. У амалиёт қачон ўтказилганини аниқ айтмаган.
CNN телеканали маълумотига кўра, АҚШ ҳарбийларининг учувчисиз учар қурилмаси 31 январь куни Мариб шаҳри яқинида жангарилар позициясига зарба берган. Қосим ар-Римий билан унинг ўринбосари Айман аз-Заваҳирий ҳам ўлдирилган.
Қосим ар-Римий «Ал-Қоида»га 1990-йилларда қўшилган. АҚШ AQAP гуруҳини «Ал-Қоида»нинг энг хавфли тармоғи деб ҳисоблар эди.
Бундан аввалроқ «Ал-Қоида» Флоридадаги ҳарбий базага уюштирилган ҳужум бўйича масъулиятни ўз зиммасига олганди. Кўнгилсиз ҳодиса 2019 йилнинг декабрида содир бўлган: саудиялик ҳарбийлар денгизчиларга қарата ўт очган, уч киши ҳалок бўлган, яна саккиз киши жароҳат олган эди.
Мавзуга оид
11:20 / 11.11.2024
АҚШ Ямандаги ҳусийчиларнинг қурол омборларига зарба берди
16:52 / 28.08.2024
Буркина-Фасода ҳарбийлар учун хандақ қазиётган одамларга ҳужум қилинди
12:37 / 27.07.2024
АҚШ ҳусийчиларнинг учувчисиз учоқлари ва денгиз дронлари йўқ қилинганини билдирди
08:30 / 21.07.2024