Жаҳон | 09:23
2703
6 дақиқада ўқилади

Яман ҳукумати Сано аэропортини бомбардимон қилди. Ҳусийлар Саудияга ракета отди

Душанба куни Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати Эрон самолётининг қўнишига тўсқинлик қилиш учун Сано аэропортига ҳужум қилди. Ҳусийлар бунга жавобан Саудия Арабистонининг Абҳа аэропортига баллистик ракеталар отди.

Фото: Al Masirah TV / AP

Халқаро тан олинган Яман ҳукуматининг кучлари Эрондан ҳусийлар делегациясини олиб келаётган самолётнинг қўнишига йўл қўймаслик учун 13 июль куни Сано аэропортининг учиш-қўниш йўлагини бомбардимон қилди.

Душанба куни эрталаб Яман мудофаа вазири – расмий Теҳрон ва ҳусийларни Эрон самолётларининг Яман ҳаво ҳудудини бузишини тўхтатишга кўндириш бўйича дипломатик уринишларни тугатганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат кучлари Яман ҳаво ҳудудини бузган ҳар қандай «душман самолётига барча мавжуд воситалар билан» жавоб беради ва бунга Эронни жавобгар деб ҳисоблайди.

Бугунги кунда пойтахт Сано ва шимолий Яманнинг катта қисми, жумладан, Қизил денгизнинг ғарбий соҳилидаги Ҳудайда порт шаҳри Эрон билан алоқадор ҳусийчилар назоратида қолмоқда. Саудия Арабистони ва араб давлатлари томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳукумат эса мамлакат жанубидаги Адан шаҳрида жойлашган.

2026-07-14 09.01.26
Сано аэропортига ҳужум

«Эрон режими томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусий гуруҳлари Яман миллий самолётларининг пойтахт Сано аэропортига қўнишига тўсқинлик қилди. Шунингдек, Эрон самолётининг Яман ҳаво ҳудудини бузиб киришини талаб қилди. Шунинг учун аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги нишонга олинди», дейилади ҳукуматнинг душанба кунидаги баёнотида.

Al-Jazeera нашрининг ёзишича, аввалроқ Яман мудофаа вазирлиги тинч аҳоли, ишчилар, дипломатик миссиялар ва инсонпарварлик ташкилотларини кейинги огоҳлантиришгача аэропорт ва унинг атрофини зудлик билан тарк этишга чақирган эди.

Зарбалар қарамай кун охирига келиб, Теҳрондан ҳусийлар делегацияни олиб қайтаётган самолёт Ҳудайдага қўнди.

2026-07-14 09.08.36
Фото: Al-Masirah TV

Ҳусийларнинг «Ал-Масираҳ» телеканали гуруҳнинг транспорт вазиридан иқтибос келтирган ҳолда: «Яманнинг расмий делегацияси ҳамроҳлигида бир қатор тиббий беморлар ва чет элда қолиб кетган фуқароларни олиб келаётган Эрон самолёти ватан тупроғига қўнди», деб хабар берди.

Саудияга айблов

Сано аэропортига берилган зарбалардан кейин ҳусийлар ҳеч қандай далил келтирмасдан, ҳужумда Саудия Арабистонини айблади ва бунга муносиб жавоб қайтаришларини билдирди.

Ҳусийлар ҳарбий матбуот котиби Яҳё Сарий: «Бу тажовуз жавобсиз ва жазоларсиз қолмайди», деб огоҳлантирди.

2026-07-14 09.02.24
Сано аэропортига ҳужум

Эрон ҳам ушбу зарбаларни қоралади. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий ҳужумни «халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг очиқдан-очиқ бузилиши, шунингдек, Яманнинг миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қилинган тажовуз» деб атади.

Саудия Арабистони расмийлари томонидан ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирилгани йўқ.

Ҳусийларнинг жавоби

Душанба куни кечқурун Ямандаги Саудия бошчилигидаги кучлар – ҳусийлар томонидан қиролликнинг жанубий минтақаси томон отилган баллистик ракеталарни тутиб қолганини маълум қилди.

Коалиция вакили Турки ал-Маликий ижтимоий тармоқларда: «Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳусий гуруҳлари томонидан жанубий ҳудудга қарата отилган баллистик ракета таҳдидини бартараф этди», деб ёзди.

Кейинчалик ҳусийлар Саудия Арабистони жанубидаги Абҳа халқаро аэропортини нишонга олиб, баллистик ракеталар ва дронлар ёрдамида ҳарбий операция ўтказганини маълум қилди.

2026-07-14 09.11.52

Reutersʼнинг ёзишича, ушбу ҳужумлар 2022 йил март ойида кучга кирган норасмий сулҳдан буён қиролликка қарши амалга оширилган биринчи расмий тасдиқланган ҳужум бўлди.

Абҳа минтақаси – Саудия Арабистони жанубидаги тоғли ва Яман билан чегарадош бўлган, кўплаб саудияликлар ёзги иссиқдан қочиш учун борадиган ҳудуд ҳисобланади.

Саудиядаги аэропорт ҳудудига етказилган зарар бўйича ҳозирча тасдиқланган маълумотлар йўқ.

Ҳусийлар ҳарбий матбуот котиби Яҳё Сарий барча авиакомпанияларни Саудия Арабистони ҳаво ҳудуди узра учмасликдан огоҳлантирди ва ўзи «Сано аэропорти блокадаси» деб атаган вазият бартараф этилмагунча бу огоҳлантиришга жиддий ёндашишга чақирди.

Кескинликнинг кучайиши

Шу ой бошида ҳусийлар Саудия Арабистонини – Санодан ҳусийлар делегациясини олиб ҳавога кўтарилган Эрон самолётига ҳужум қилишда айблаганидан бери кескинлик кучаймоқда.

Ҳусийлар ўшанда, агар Ар-Риёд – Яман ҳаво ҳудудини бузса ёки унга яна ҳужум қилишга уринса, Саудия аэропортлари ва муҳим объектларига зарба бериш билан таҳдид қилганди.

Сўнгги кескинлашув Саудия Арабистонига ҳусийларнинг янги ҳужумлари хавфини қайта уйғотди.

Халқаро тан олинган ҳукуматнинг ахборот вазири Муаммар бин Мутахар ҳусийлар Сано аэропортида Халқаро Қизил Хоч қўмитасига тегишли самолётни ушлаб тургани ва унинг учувчиларини ҳибсга олганини айтмоқда.

2026-07-14 09.01.30
Фото: Reuters
Сано аэропортида ҳужумдан кейин тутун кўтарилмоқда

Саудия бошчилигидаги коалиция 2015 йилда ҳусийлар Санони эгаллаб, ҳукуматни ағдарганидан кейин Ямандаги можарога аралашган эди. Бу уруш кенг кўламли мажбурий кўчишлар, вайронагарчиликлар ва очарчиликка сабаб бўлди; Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу вазиятни дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бири деб таърифлаган.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг охирида Бирлашган Араб Амирликлари қўллаб-қувватлайдиган сепаратистик ҳаракат жанубий ҳудудларни эгаллаб, Саудия бошчилигидаги коалицияни парчалаб юборганидан кейин зўравонликлар ва кескинлик яна авж олмоқда.

БМТнинг Яман бўйича махсус вакили Ханс Грундберг кескинлашув хавфидан огоҳлантириб, унинг идораси томонларни жарлик ёқасидан қайтишга кўндириш учун барча томонлар билан алоқада эканини айтди.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид