21:23 / 10.02.2020
0
9805

«Илҳом» театридан эгаллаб турган биносини бўшатиш сўралди 

«Илҳом» театри ўзи жойлашган «Shodlik Palace» меҳмонхонасининг янги мулкдоридан бинонинг эгаллаб турган қисмини бўшатиш ҳақида огоҳлантириш хати олди.

Фото: iticket.uz

Бу ҳақда театрнинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилинди.  

Хатда меҳмонхона биноси ташқи кўриниши ёқимсиз ҳолга келиб қолгани сабабли Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги талаби билан жорий йилда унинг тўлиқ реконструкцияси режалаштирилгани айтилган ва шу сабабли “Илҳом” раҳбариятидан театр учун янги жой топиш сўралган. 

“Театр асосчиси Марк Вайлга 1976 йилда давлат томонидан ажратилган ҳудуднинг йўқотилиши “Илҳом” театрига чиқарилган ўлим ҳукмини англатади”, дейилган хабарда. Таъкидланишича, жой театрга тегишли бўлмагани сабабли ҳуқуқий томондан “у бу масалада кучсиз”.  

1994 йилда меҳмонхона хусусийлаштирилгандан кейин театр унга ажратилган жойдан беғараз асосда фойдаланиб келган. Театр ва меҳмонхонанинг аввалги эгаси “Шодлик” ОАЖ ўртасида 2023 йилгача автомат тарзда 10 йилга узайтириш имкони билан ижара шартномаси имзоланган.

Бироқ 2017 йилда суд меҳмонхонанинг хусусийлаштирилиши ҳақидаги қарорни бекор қилгач, бино давлат назоратига ўтган.

“Бинони навбатдаги мулкдорларга бериш олдидан ҳеч ким ноёб театр тақдири ҳақида ўйлаб кўрмаган. Бир неча йил аввал биз қуришни бошлаган янги Ўзбекистонда театр учун жой топилмаётганини англаш биз учун афсусланарли ҳолдир. Марк Вайлнинг “Илҳом” театри – бу тижорий театр эмас. Буни барча томошабинлар билишади ва тушунишади. У давлатдан маблағ олмаган ва олмаяпти ҳам. Театрда янги бино харид қилиш ва унда театрни яна аслидай тиклаш учун маблағ ҳам, имконият ҳам йўқ. Театрнинг йўқотилиши айнан “Илҳом” саҳнаси учун яратилган спектаклларнинг бутун репертуари, шу жумладан, Марк Вайлнинг афсонавий спекталларининг йўқотилишини англатади”, дейилган театрнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.          

Шу муносабат билан театр ижодий жамоаси Ўзбекистон ҳукуматини бу масалага эътибор қаратишга, томошабинлар, ҳамкасблар, журналистлар, дипломатлар ва халқаро ҳамжамиятни “ноёб ва сеҳрли жой” ҳисобланган театрни сақлаб қолишда жонбозлик кўрсатишга чақирди.  

Ўз навбатида, Тошкент ҳокимлиги бу масалага изоҳ бериб, “Shodlik Palace” меҳмонхонаси биноси ҳокимлик балансида турмаслигини ва хусусий тадбиркорлик субъектига тегишли эканини маълум қилган.

Ҳокимликда таъкидланишича, бинодан фойдаланиш билан боғлиқ барча ҳаракатлар унинг эгаси томонидан ҳал қилинади. 

“Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги тадбиркорга ушбу бинони реконструкция қилиш ташаббуси билан чиққанлигига оид маълумот эса ўрганилмоқда”, дейилган шаҳар ҳокимлигида. 

Ҳокимлик матбуот хизмати бу масалага ойдинлик киритилгач, унинг тафсилотлари билан бўлишишга ваъда берган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top