Ўзбекистон | 20:12 / 10.02.2020
6750
3 дақиқада ўқилади
Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази негизида янги марказ ташкил этилди — Ҳукумат қарори
Ҳукуматнинг «Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Янги марказ вазирлик ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази негизида ташкил этилмоқда.
Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- ОТМ фаолиятида илғор педагогик технологиялар ва инновацион ўқитиш усулларидан кенг фойдаланиш асосида ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш, шунингдек, таълим жараёни сифатини изчил ошириб бориш, ўқитишнинг самарали шакллари ва усуллари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга кўмаклашиш;
- ОТМларнинг республика ҳамда халқаро рейтингини ошириб бориш чораларини кўриш, уларга технологик жиҳатдан юқори даражада жиҳозланган технопарк, форсайт, технологиялар трансфери марказлари, стартап лойиҳалар ҳамда акселераторларни ташкил этишга методик кўмаклашиш;
- ОТМларда тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун зарур кадрлар тайёрлаш йўналишлари ва кўрсаткичларини таҳлил қилиш ва пронозлаштириш;
- Масофадан ўқитиш ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланлан ҳолда амалга ошириш имконияти мавжуд бўлган таълим шаклларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- Олий таълим тизими фаолиятини илмий-методик таъминлаш, соҳага оид илғор хорижий тажриба асосида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- Таълим дастурларига кирадиган барча фанлар бўйича янги авлод ўқув адабиётларини таҳлил қилиш, тайёрлаш ва нашр этишни ташкил қилиш;
- Олий таълим соҳасидаги ҳуқуқий ва методик ҳужжатлар ҳамда давлат намунасидаги қатъий назоратдаги ҳужжатлар ҳисобини юритиш, электрон базани шакллантириш ва улар билан олий таълим муассасаларини таъминлаш;
- Олий таълим тизимининг давлат таълим стандартлари, малака талабларини, талабалар мустақил таълими бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш, шунингдек, олий таълим муассасаларида ўқув жараёни узлуксизлигини методик жиҳатдан таъминлаш;
- Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг ҳуқуқий ва метадодик асосларини ўрганиш, ушбу соҳадаги ишларни жадаллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- Идоравий бўйсунуви ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, республика олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлигини ошириш чораларини кўриш;
- Олий таълим муассасаларининг илмий-тадқиқот муассасалари, потенциал иш берувчилар талаблари билан интеграциялашуви жараёнларини ташкил этиш бўйича тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш.