Таълим | 18:46
403
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро университетлар шаҳарчаси ташкил этилиши мумкин

Президент ҳузурида ўтган йиғилишда Университетлар шаҳарчасига нуфузли хорижий олийгоҳлар филиалларини жалб қилиш, кампуслар ва талабалар турар жойларини барпо этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 10 июль куни халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этиш, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда етакчи хорижий олийгоҳлар жойлашадиган Тошкент халқаро университетлар шаҳарчасини ташкил этиш таклифи муҳокама қилинди. Бунда Қатардаги “Education City”, Бирлашган Араб Амирликларидаги Дубай халқаро академик шаҳри ва Корея Республикасидаги Инчхон глобал кампуси тажрибасидан фойдаланиш таклиф қилинди.

Университетлар шаҳарчасида нуфузли хорижий олийгоҳлар филиалларини жалб қилиш, кампуслар ва талабалар турар жойларини барпо этиш, лицензия талабларини соддалаштириш, грант ва стипендиялар ажратиш, божхона ва солиқ имтиёзларини қўллаш, шунингдек, роялти тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. Асосий мақсад Ўзбекистонни халқаро таълим дастурлари ва стандартлари кенг жорий этилган, минтақадаги етакчи таълим марказига айлантириш экани таъкидланди.

Президент таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид