Ўзбекистон | 16:38 / 11.02.2020
2020
3 дақиқада ўқилади

«Чинозйўлиндустрия» мулкий мажмуа сифатида «Ўзбекистон темир йўллари» ихтиёрига ўтказилади - Ҳукумат қарори лойиҳаси 

“Чинозйўлиндустрия” “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ихтиёрига ўтказилиб, унинг негизида “Кўприкқурилиш” трести УК таркибида темир-бетон оралиқ қурилмалари ва бошқа конструкцияларни ишлаб чиқариш ташкил этилади

Ҳукуматнинг Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метрополитени линияси қурилишини жадаллаштириш, темир-бетон оралиқ қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича узлуксиз линияларни ташкил қилишни таъминлаш ва давлат мулкидан самарали фойдаланиш, шунингдек, президентнинг 2017 йил 4 октябрдаги “Автомобиль йўллари кўприкларини, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоотларни қуриш ҳамда фойдаланишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарори қабул қилинади. Тегишли лойиҳа муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти иқтисодий судининг 2019 йил 11 июлдаги ҳал қилув қарорига асосан “Чинозйўлиндустрия” УК банкрот деб топилиб, тугатишга доир иш юритиш бошланган.

Транспорт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда “Чинозйўлиндустрия” УК кредиторлари йиғилишининг:

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан кредиторлар реестрига мувофиқ “Чинозйўлиндустрия” УКнинг қарзларини тўла ҳажмда тўлаш;

банкротлик иши якунлангандан сўнг “Чинозйўлиндустрия” УКнинг бино-иншоотлари ва барча асосий воситаларини тегишли ҳудуди билан биргаликда баҳоланган қийматда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ устав капиталига бериш;

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ қабул қилаётган мулкий мажмуа базасида “Кўприкқурилиш” трести УК таркибида темир-бетон оралиқ қурилмалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Транспорт вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ устав капиталидаги давлат улушини Мулкий мажмуанинг баҳолаш қиймати ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан “Чинозйўлиндустрия” УКнинг кредиторлар реестрига мувофиқ тўланган маблағлари ўртасидаги фарқ ҳисобига ошириш бўйича тегишли ишларни амалга оширади.

Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси:

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Кўприкқурилиш” трести УК талабномалари бўйича норуда фойдали қазилмаларга эга ер майдонларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензияларни беришни;

“Чинозйўлиндустрия” УКдан ўтказилаётган ишлаб чиқариш майдони ҳудудидаги ер қаъри участкаларидан фойдаланаётган хўжалик субъектларининг лицензиялари амал қилиш муддати тугагандан сўнг ушбу майдонларга “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Кўприкқурилиш” трести УК учун лицензияларни расмийлаштиришни таъминлайди.

Тошкент вилояти хокимлиги:

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг талабномаси бўйича ер майдонини бириктириш ва амалдаги коммунал хўжалигининг муҳандислик коммуникацияларига уланиш бўйича тегишли рухсатномаларни расмийлаштиришни;

2020 йил 31 мартга қадар “Чинозйўлиндустрия” УКдан илгари бегоналаштирилган ер майдонларини ҳокимлик захирасига қайтаришни ва босқичма-босқич “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ихтиёрига ўтказишни таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид