Вирус ҳақидаги хабарлар фонида бозорларда Хитойдан келаётган кийим-кечаклар нархи ошгани ҳақида гап-сўзлар ҳам тарқалди. Хўш, бутун дунёни қўрқитиб қўйган вирус бозорларимизга чиндан таъсир қилдими? Бу саволга жавоб излаш учун Самарқанддаги бозорларни айландик.

Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» савдо мажмуасида савдо қилаётган бир гуруҳ тадбиркорлар Хитойда тарқалаётган коронавирус ваҳимаси бозордаги кийим-кечаклар нархига таъсир қилмаганини билдиришди. Уларнинг айтишича, ҳозир кийим-кечаклар учун энг суст мавсум, одамлар қишки кийимларни янги йилгача олиб бўлган, баҳорги кийимлар мавсуми эса ҳали бошланмади. Бозордаги савдони қизитадиган тўйлар ҳам асосан кузда ўтказилади. Кийим-кечак савдоси авжида бўлмаган вақтда нархни ошириш савдога салбий таъсир кўрсатади.

Айнан шу бозор ёнида Самарқанд шаҳридаги энг йирик улгуржи мева-сабзавот бозори ҳам жойлашган. У ердаги банан савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг сўзларига кўра, ваҳимали гап-сўзлар ортидан банан савдоси сусайган. Сотувчилар туриб қолган бананлар айниб қолмасин учун тезроқ сотиб юбориш мақсадида банан нархини 7-8 минг сўмгача туширишган.

Бугун бозорда бананни икки хил нархда олиш мумкин: янги келганлари 15-17 минг сўм, аввалроқ келганлари 10 минг сўмдан. Хитойдан келтирилган мандаринларнинг нархида эса ўзгариш бўлмаган: сифатлиси 16-17 минг сўм, ранги ўзгаргани 8,5 минг сўмдан сотилмоқда. Яъни, вирус ҳақидаги гаплар мандарин нархига унчалик таъсир қилмаган.

Ургут савдо комплекси нафақат Самарқанд вилояти, балки қўшни вилоятлар аҳолиси ҳам кийим-кечак ва бошқа буюмлар харид қиладиган катта бозор ҳисобланади. Бу ерда савдо қилаётган тадбиркорларнинг айтишича, Ўзбекистон томони парвозларни тўхтатганидан кейин Хитойдан келадиган маҳсулотлар нархи 10-15 фоиз ошган. Агар яқин орада Хитойдан маҳсулот олиб келиш қайта йўлга қўйилмаса, нархлар яна кўтарилиши мумкин.

Самарқанд вилоятида қуруқ мева экспорти билан шуғулланадиган тадбиркорлар ҳам кўп. Вилоят ҳудудидаги боғларда етиштирилаётган маҳсулотнинг бир қисми экспортга сархил ҳолида чиқарилса, яна бир қисми қуритилган ҳолда қайта ишланади. Улар орасида энг кўп экспорт қилинаётгани турли навдаги майизлардир.