«Хўжа Насриддиннинг ғаройиб латифалари» номли асар Германиянинг Peacock Verlag Berlin нашриёти билан ҳамкорликда 4 тилда – ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларида чоп этилди.

Китоб тақдимоти бугун, 11 феврал куни Республика қўғирчоқ театрида ўтказилди.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Маданият вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, АОКАнинг «Кўнгил кўзи» лойиҳаси билан ҳамкорликда нуфузли нашриётда чоп этилган мазкур китоб учун болаларнинг ўзлари томонидан чизилган расмлардан фойдаланилган.

«Китоб дизайнини яратиш учун тўғридан тўғри болаларнинг ўзидан ёрдам сўрашга қарор қилдик. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистон ва Германияда танлов эълон қилган эдик. Унда 6 ёшдан 10 ёшгача бўлган 700 нафар болалар иштирок этишди ва ғолибларнинг расмларидан китоб учун фойдаланилди», - дея маълумот берди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бошқарма бошлиғи Элмурод Нажимов.

Элмурод Нажимов

Унинг қайд этишича, китобнинг аудио варианти ҳам Ўзбекистондаги энг маҳоратли овоз усталари томонидан тайёрланди. Бу, ўз навбатида, кўзи ожиз ва кўриш билан боғлиқ муаммолари бор болаларга китоб билан танишишга ёрдам беради.

Лойиҳага ҳамкорлик қилган Culture Cooperation International компанияси директори Кейтлин Гебелнинг маълумот беришича, Насриддиннинг саргузаштлари унинг донолиги, топқирлигини сақлаб қолган ҳолда замонавийлаштирган.

Кейтлин Гебелн

«Насриддин афанди халқимизнинг энг севимли қаҳрамони эканлиги билан ҳам аҳамиятли. Бугун тақдимоти ўтаётган китобда халқаро муаллифлар ва ҳамкорларнинг иштирок этишгани эса маданиятимиз ҳақида хорижликларни хабардор қилишимизга ёрдам беради», - дея таъкидлади маданият вазири Озодбек Назарбеков.