23:36 / 12.02.2020
0
24343

Путинга россияликларнинг ишонч даражаси икки йил ичида икки баробарга камайган

Россия президенти Владимир Путинга россияликларнинг ишонч даражаси охирги 2 йил ичида деярли 2 баробарга камайди. Айни вақтда Путинга 35 фоиз россияликлар ишонади.

Фото: Дмитрий Азаров / Коммерсантъ

Бундан «Левада-центр» нодавлат тадқиқотчилик ташкилотининг январь охирида ўтказган сўровномаси дарак бермоқда.

Сўровномага кўра, Россия президентига 35 фоиз фуқаролар ишонади. Бу 2019 йил сентябрдаги кўрсаткичлардан 4 фоиз камроқдир.    

Сўровнома 23-29 январь кунлари Россиянинг 50 та ҳудудида 1603 киши орасида очиқ тарзда ўтказилган, яъни иштирокчиларга улар ишонадиган 5-6 нафар сиёсатчи исмини айтиш таклиф қилинган.

2017 йил ноябрда фуқароларнинг Путинга ишонч даражаси 59 фоизни ташкил қилган. Шу тариқа икки йил ичида давлат раҳбарига ишонч даражаси 24 фоизга пасайиб кетган.

“Левада-центр” директори Льев Гудковнинг таъкидлашича, бу сезиларли пасайишдир. У буни россияликларнинг президент юритаётган сиёсатдан тўйгани ва ғазабноклиги билан тушунтирган.  

Шу билан бирга Путиннинг фаолиятини маъқуллаш даражаси 60-70 фоиз даражасида сақланиб турибди. Гудковнинг таъкидлашича, “бу президентнинг ташқи сиёсатдаги фаолияти юқори баҳоланган бир пайтда, ички сиёсатдагиси тобора паст баҳоланаётганини кўрсатади”.

Путинга ишонч даражаси пасайганига қарамасдан, Россия ҳукуматидаги асосий вазирларнинг рейтинги охирги 4 ой ичида юқориламоқда: мудофаа вазири Сергей Шойгуга ишонч даражаси 13 фоиздан 19 фоизга, ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга ишонч даражаси 14 фоиздан 17 фоизгача ўсган. Бироқ шу билан бирга уларга ҳам охирги 2 йил ичида россияликларнинг ишонч даражаси пасайган. 2017 йил ноябрда Шойгуга 23 фоиз, Лавровга 19 фоиз россияликлар ишонч билдирган. 

Бундан ташқари, собиқ бош вазир Дмитрий Медведевга ишонч даражаси 9 фоиздан 5 фоизгача пасайган. Янги бош вазир Михаил Мишустинга ишонч даражаси ҳозирча 3 фоизни ташкил қилмоқда. Мухолифатчи Алексей Навальнийга 3 фоиз, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга 1 фоизгина респондентлар ишонч билдирган.

Яна 22 фоиз сўралганлар сиёсатчилардан бирортасига ишонмаслигини, 17 фоизи жавоб беришга қийналишини айтган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top