Ўзбекистон | 23:55 / 14.02.2020
16592
2 дақиқада ўқилади

ТДЮУ ректори: «Меҳнат кодексимиз собиқ иттифоқ иқтисодиётига мослашган»

Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги жуда эски. 1995 йилда қабул қилинган Меҳнат кодекси бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди, деб ҳисоблайди Адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳимжон Ҳакимов.

«Меҳнат кодекси нафақат давлат ташкилотлари, балки хусусий сектордаги кадрлар талабларига ҳам жавоб бермайди», - деди Ҳакимов Пресс-клубнинг 14 февраль кунги сессиясида.

Сессияда давлат ва нодавлат ташкилотларида билимли ва замонавий кадрлар кўплиги, аммо меҳнат қонунчилигида уларнинг ҳуқуқлари қанчалик ҳимоя қилингани борасида савол берилди.

Саволга жавоб берган Раҳимжон Ҳакимовга кўра, Ўзбекистон меҳнат кодекси рамкаларга солинган ва собиқ иттифоқ иқтисодиётига мослашган.

«Бизда мутлақо янги кодекс ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган. Гуруҳ таркибида Адлия ҳамда Бандлик ва меҳнат вазирлиги мутахассислари ишлаяпти.

Меҳнат қонунчилиги шаффоф ва мослашувчан бўлиши керак. Ғарб мамлакатларининг меҳнат кодексига қарасак, у ерда икки томонли келишувга, яъни раҳбар ва ҳодим ўртасидаги келишувга шароит яратиб беради.

Меҳнат қонунчилиги кўпроқ меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган ходимлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади», - деди у.

Адлия вазири ўринбосарининг қўшимча қилишича,  шу йилнинг 1 январидан экспериментал тарзда Адлия, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларида шаффоф, очиқ ва танлов асосида ишга олиш жараёни бошланган.

Мавзуга оид