Ўзбекистон | 09:01 / 18.02.2020
2757
5 дақиқада ўқилади

Энергетика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилади - Ҳукумат қарори лойиҳаси

Энергетика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари қабул қилинади

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Энергетика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича:

а) И.М. Губкин номидаги Россия нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, “МЭИ” миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали, “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали томонидан нефть-газ, электр ва атом энергетикаси соҳалари учун зарур бўлган салоҳиятли муҳандис-техник кадрлар тайёрланмоқда;

б) президентнинг “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

Тахиатош энергетика касб-ҳунар коллежи, Ширин энергетика коллежи, Қибрай энергетика коллежи ҳамда Нишон энергетика коллежи Энергетика вазирлиги тизимидаги “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти тасарруфига ўтказилган;

Бухоро нефть ва газ саноати коллежи ҳамда Фарғона нефть ва газ саноати коллежи “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида фаолият юритмоқда.

Энергетика ва нефть-газ соҳасининг барча йўналишларида зарур бўлган салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида:

Энергетика вазирлиги марказий аппаратидаги бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони учта штат бирлигига оширилади;

қўшиб берилаётган штат бирликлари ҳисобидан энергетика соҳасининг барча йўналишларида зарур бўлган салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ишларини мувофиқлаштирадиган бўлинма ташкил этиш бўйича тегишли чоралар кўрилади;

Янги ташкил этилаётган бўлинманинг устувор вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Россия Федерацияси университетларининг Тошкент шаҳридаги филиаллари билан биргаликда уларда нефть-газ ва энергетика соҳаси учун халқаро талабларга жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишни назорат қилиш;

нефть-газ ва энергетика коллежларида меҳнат бозорларида муносиб ўрин эгаллайдиган малакали ва рақобатбардош ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, шунингдек ушбу коллежларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишни назорат қилиш;

энергетика тармоғи квалификация рамкалари ва профессионал стандартлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш ҳамда амалиётга жорий этилишини назорат қилиш;

Энергетика вазирлиги тизимидаги акциядорлик жамиятлари, ташкилотларда олий ва ўрта бўғин мутахассисликлари ҳамда касбларига бўлган эҳтиёжларни аниқлаш ва таҳлил қилиш;

энергетика тармоғидаги кадрларга бўлган эҳтиёждан, шунингдек бошқа давлат ва хўжалик бошқарув ташкилотларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда Россия Федерацияси университетларининг Тошкент шаҳридаги филиаллари ҳамда нефть-газ ва энергетика коллежларида ҳар йиллик квоталар ва касб турларини белгилашда тегишли вазирликларга таклифлар киритиш;

Россия Федерацияси университетларининг Тошкент шаҳридаги филиаллари ҳамда нефть-газ ва энергетика коллежларини тамомлаган мутахассисларни иш билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш.

Давлат активларини бошқариш агентлиги белгиланган тартибда:

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ ижроия аппарати бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сонини учта штат бирлигига оширади;

қўшимча штат бирликлари ҳисобидан кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари бўйича бошқарув раисининг ўринбосари лавозимини киритиш ҳамда тегишли бўлинма ташкил этиш чораларини кўради.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасадди ташкилотлар билан биргаликда тугатилаётган ёки фаолият тури ўзгараётган касб-ҳунар коллежларининг энергетика соҳасида кадрлар тайёрлаш учун хизмат қиладиган жиҳозларини нефть-газ ва энергетика коллежларига ноль қолдиқ қийматда ўтказиш бўйича ишларни амалга оширади.

Молия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибига нефть-газ ва энергетика коллежлари ўтказилганлигини эътиборга олган ҳолда:

ёқилғи-энергетика маҳсулотлари нархи ва тарифларини ҳисоблашда коллежларни сақлаш, моддий-техника базасини ривожлантириш бўйича сарф харажатларини ҳисобга олади;

нефть-газ ва энергетика коллежларини сақлаш, моддий-техника базасини ривожлантиришга йўналтирилаётган маблағлар молиялаштирувчи корхоналар ва коллежларни солиққа тортиш базасидан чиқарилишини таъминлайди;

коллежларнинг коммунал хизматлар, бюджет ва иш ҳақи бўйича қарздорликларини топшириш ҳамда қабул қилиш далолатномаларнинг расмийлаштириш санасига қадар қопланишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид