Жаҳон | 01:09 / 18.02.2020
16673
2 дақиқада ўқилади

Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевга кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди  

Фото: AP

Хитой раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга коронавирус эпидемиясига қарши курашда Хитойга кўрсатилган ёрдам ва ҳамдардлик учун миннатдорлик билдирди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати маълум қилди.  

Си Цзиньпин номидан Шавкат Мирзиёевга йўлланган мактубда Хитой давлати тўқнаш келган оғир синовларда Ўзбекистон елкадош бўлиб, чин дўстона муносабатни намоён этгани таъкидлаб ўтилган.  

Хитой раисининг мактубида бундай дейилган:

“Муҳтарам Президент жаноблари!

Хитой коронавирус тарқалишига қарши олиб бораётган кураш муносабати билан йўллаган таъзияномангиз учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман.

Айтишганидек, қаердадир кулфат юз берса, ҳар ёқдан ёрдамга шошиладилар. Дунё ҳамжамияти, шу жумладан Ўзбекистон, Хитой ҳукумати ва халқига ҳамдардлик билдирди ва турли кўринишда қўллаб-қувватлади. Бу бизга бўлган дўстона муносабатни тўлиқ намоён этди.

Хитой эпидемияни профилактика қилиш ва назоратга олиш борасида муваффақиятга эришишига ишончи комил ва бунга қодир, шунингдек, бутун жаҳонда жамоат соғлиғини сақлаш ишига ҳисса қўшиш йўлида халқаро ҳамжамият билан биргаликда ишлашга тайёр.

Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдаман ҳамда Сиз билан яқин мулоқотни давом эттиришга тайёрман.

Сизга мустаҳкам соғлик, фаолиятингизга муваффақиятлар, дўст Ўзбекистонга эса равнақ ва фаровонлик тилайман”.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон кўплаб давлатлар қаторида Хитойнинг бошига тушган кулфатда жим қараб турмади ва унга ҳар томонлама кўмак кўрсатмоқда. 

Жумладан, 12 февралда Тошкентдан Пекинга гуманитар юк ортилган юк самолёти жўнатилди. Ил-76 самолёти бортида бир неча тонна шахсий ҳимоя воситалари – ниқоблар, респираторлар, тиббиёт қўлқоплари ва карантин ҳудудларида қўлланувчи махсус комбинезонлар бўлган.

Мавзуга оид