Жамият | 19:30 / 21.02.2020
5164
2 дақиқада ўқилади

«Ипак йўли» туризм халқаро университети Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган халқаро конференция ўтказди

Фото : KUN.UZ

«Ипак йўли» туризм халқаро университети ташаббуси билан Самарқанддаги «Registon-Plaza» меҳмонхонасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. «Ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш: назария, амалиёт ва истиқболлар» мавзусида ўтказилган конференцияда кўплаб халқаро маърузачилар қатнашди.

Айниқса, германиялик профессор Десмонд Вининг чиқиши қатнашчиларда катта таассурот уйғотди. У Ўзбекистоннинг, айниқса, Самарқанднинг сайёҳлик борасида салоҳиятига юқори баҳо берди. Шимолий Кавказ федераль университети (Россия), Қозон федераль университети, Сочи давлат университети, Хазар университети (Озарбайжон), Арман туризм институти (Арманистон) ва яна кўплаб халқаро олийгоҳлар билан ҳамкорликда ўтказилган конференцияда Сандип Валия (Ҳиндистон), Танзил Муҳаммад Мултазам (Индонезия), Пуджа Чоудхари (Ҳиндистон), Бейкен Чизел (Туркия) каби машҳур маърузачилар нутқ сўзлади

Конференцияда Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллаев сўзга чиқиб Самарқандда сайёҳлар оқимини ошириш учун янги туристик маршрутларни очиш кераклигини айтди. Унинг фикрича, Самарқанддаги тарихий биноларгагина ишониб қолиб сайёҳлар сонини ошириш режасини бажариб бўлмайди. Сайёҳлар учун Самарқанд ташқарисида ҳам бориш мумкин бўлган жойларни кўпайтириш керак.

Илмий-амалий конференция якунида «Ипак йўли» халқаро туризм университети талабалари орасида туризм бўйича ёзилган энг яхши мақола соҳиблари сертификат ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Конференция доирасида «Ипак йўли» туризм халқаро университети ҳамда Lovely профессионал университети (Ҳиндистон), Кана университети (Ҳиндистон), Сидоарджо университети (Индонезия) ва Халқаро Ислом академияси (Ўзбекистон) каби олийгоҳлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ипак йўли халқаро туризм университети жамоатчилик билан ишлаш пиар бўлими

Мавзуга оид