Жамият | 20:50 / 22.02.2020
21430
6 дақиқада ўқилади

Меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик сабаби – билимсизлик

Меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя қилмасликнинг асосий сабаби билимсизлик. Иш учун зарур хавфсизлик воситалари билан эса, ходимни иш берувчи таъминлаши керак. 

Сўнгги вақтларда иш жойларида турли хил бахтсиз ҳодисалар оқибатида ишчи-хизматчиларнинг ногирон бўлиб қолиши, ёхуд уларнинг ҳаёт билан видолашиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу билан корхона ва ташкилотларда меҳнат хавфсизлигига риоя қилиш, бу борада тўғри тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш кун тартибига чиқмоқда. Kun.uz мухбири Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Меҳнат муҳофазаси давлат инспектори Нозима Сулаймоновага ушбу соҳага доир саволлар билан мурожаат қилди. 

-        Корхоналарга ёки бирор ишлаб чиқариш субъектларига борганимизда меҳнат хавфсизлигининг оддий қоидаларига ҳам риоя қилинмаётганига кўп гувоҳ бўламиз. Мисол учун, Жанубий Кореяда оддий ишни бажараётган ишчи ҳам қўлида қўлқоп билан ишлайди. Бизда меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш билан боғлиқ ҳолат қанақа, бугунги кунда, вазирликнинг хулосаси?

-        Энди давлат назоратини амалга оширганимизда кўплаб ташкилотларга борамиз. Шундайлари бор, кўрганда баҳри-дилинг очилади, хавфсизлик техникаларига риоя қилишади, лекин шундай ташкилотлар ҳам борки, иш берувчи томонидан бепарволик қилинади. 

На тиббий кўрикдан ўтказади, на ҳимоя воситалари олиб беради. Бу борада бизлар, текширишдан аввал, профилактика, яъни тушунтириш ишларини амалга ошириб келмоқдамиз. Иш берувчилардан илтимосимиз бор эдики, меҳнатни муҳофаза қилиш маданиятини ўзларига жорий қилишса, кучайтиришса. Шундагина, иш жойларида рўй берадиган ҳар хил бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиши бартараф этилади. 

Нозима Сулаймонова

-        Нима деб ўйлайсиз, ўзбекистонлик ишчи-хизматчилар ўз хавфсизликларига унчалик ҳам эътибор бермаслигининг сабаби нимада? Шундай ҳолатлар ҳам кузатиладики, раҳбар барча шароитни қилиб қўйган, керакли жиҳозларни олиб берган, аммо ишчи кўзига кўзойнакни тақмайди, қўлига қўлқопни киймайди. 

-        Тўғри, ходимларда ҳам айб кўп. Биз ҳозир меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларга тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларни ишлаб чиқдик. Ходимлар ўз соғлиғини ўзлари сақламаса, қайғурмаса, четдаги одам буни унга уқтиролмайди ҳам. Ходимлар орасида беэътиборлик жуда ҳам кўп. Бунинг сабаби, билимсизлик. Талабни бажармайди. Хавфсизлик бўйича дарсларда иштирок этмайди. Тиббий кўрикка борганида, маълумотномани бошқа йўллар билан олиб келиш ҳолати бўлиши мумкин. 

-        Ходим меҳнат хавфсизлигига қатъий риоя қилиши учун нима қилиши керак?

-        Қонунга итоаткор бўлиши, қонун-қоидаларни яхши билиши керак. Ўз соғлиғига эътибори кучли бўлиши лозим. Иш берувчи томонидан шакллантирилган талабларга риоя қилса, ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланишни билса, улардан фойдаланиш истаги бўлса, ходимлар аввало ўз хавфсизликларини таъминлаган бўлишади.

-        Хавфсизлик воситалари билан ким таъминлаши керак? Иш берувчими ёки ходимнинг ўзи?

-        Барча хавфсизлик ҳимоя воситаларини иш берувчи ўзининг ҳисобидан ходимларга бепул таъминлаб беради.

 -        Мана касб касалликлари борлигини биламиз. Эртадан кечгача ўтириб ишлайдиганлар бор. Умуман, касб касалликлари нима ва уларга қандай курашиш керак бўлади, шулар ҳақида тушунча беринг.

-        Биласизми, ҳар бир иш жойида зарарли ва хавфли омиллар мавжуд. Хавфли омиллар даражаси юқори бўлса, ишчи, албатта, шикастланиши мумкин. Яъни бахтсиз ҳодиса содир бўлади. Зарарли омиллар таъсирида одамлар муайян бир касалликка чалиниши мумкин. Бунда, иш берувчи шу омилларни бартараф этиш ёки уларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтириш устида ишлаши талаб этилади. Мисол учун, зарарли омиллар миқдори кўп бўлса, иш ҳақи сақланиб қолган ҳолда, иш вақти камайтирилади. Алоҳида бир ташкилотлар ходимларини даволаш-профилактика чораларини қўллайди.

-        Энди меҳнат хавфсизлиги талабларини хизматчиларнинг бажариши билан боғлиқ саволга қайтсак. Иш берувчи мазкур қоидалар ёки талабларни ишчи томонидан бажарилиши таъминлаш учун қандай таъсир чораларини кўра олади?

-        Яхши савол бердингиз. Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги ЎзР қонунининг 22-23-моддаларида иш берувчи ва ишчиларнинг меҳнат муҳофазасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Унга кўра,

 •        ишчи ходим тиббий кўрикдан ўтмаган бўлса;

•        меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқимаган ёхуд малакасини оширмаган бўлса, иш берувчи ушбу ходимни иш жойига қўйиши мумкин эмас, тақиқланади. 

Аммо, иш берувчи барчасини ташкиллаштириб қўйди, лекин ходим бепарво бўлса, иш берувчи ходимни ишдан четлаштира олади, мунтазам давом этса, интизомий чора қўллаши, яъни ҳайфсан эълон қилиши, маошидан 50 фоизгача миқдорда ушлаб қолиши мумкин. Шунда ҳам хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаса, Меҳнат кодексига биноан шартномани бир томонлама бекор қила олади.

Мавзуга оид