2019 йил Тошкент вилоятида 21 нафар бола йўл-транспорт ҳодисалари натижасида вафот этган
Тошкент вилоятида болалар иштирокида 131 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, унда 21 нафар бола ҳалок бўлган
2019 йилда Тошкент вилояти автомобиль йўлларида болалар иштирокида 131 та йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилган. Бу ҳодисаларда 21 нафар болалар ҳалок бўлиб, 110 таси турли даражадаги тан жароҳатларини олишган.
Жорий йилнинг 25 февраль куни Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармасида айнан болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш юзасидан бир қанча масъул раҳбар ва ходимлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.
Йиғилиш қатнашчиларига йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан тайёрланган видеороликлар намойиш этилди. Йиғилишда Халқ таълими бошқармасининг вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликдаги болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга йўналтирилган, аниқ, манзилли режалар жамланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва уни босқичма-босқич бажаришга келишиб олинди.
“Йўл харитаси”га эса ҳар бир шаҳар ва тумандаги мактабларда намунали йўл ҳаракати хавфсизлиги синфхоналарини ташкил этиш каби муҳим вазифалар киритилди.