Сўнгги 5 йилда 8 фоиз меҳрибонлик уйи битирувчиси ОТМга ўқишга кирди
2015-2019 йилларда Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида жами 1112 нафар битирувчи ўқишни тамомлаган.
Шулардан:
– 40 фоизи уй-жой билан таъминланган (449 нафар);
– 43 фоизи иш билан таъминланган (481 нафар);
– 8 фоизи ОТМга ўқишга кирган (86 нафар);
– 5 фоизи ишлаш учун хорижга кетган (51 нафар);
– 4 фоизи бола тарбияси билан банд (45 нафар).
Бу ҳақда 26 февраль куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев битирувчиларнинг олий таълимга қамраб олинишидаги 8 фоизлик кўрсаткичга изоҳ берди.
«Тўғри, бу жуда кам кўрсаткич, бироқ бир нарсани инобатга олиш керак: Ўзбекистон қонунчилиги бўйича тўлиқ давлат таъминотидаги етим болаларгагина ОТМга ўқишга киришда имтиёз берилади.
Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар тоифасига меҳрибонлик уйларида яшаб таълим олган, 18 ёшга тўлмаган, отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки суд қарорига биноан вафот этган, деб эълон қилинган болалар киради.
Бир нарсани унутмаслигимиз керак: меҳрибонлик уйлари ёки Болалар шаҳарчаларида асосий эътибор болаларни мустақил ҳаётга тайёрлайдиган, уларга касб ўргатишга қаратилади. Уларнинг ўзлари ҳам тезроқ ҳунар ўрганиб, ҳаётда ўрнини топишни истайди.
Бу билан ўзимизни оқламоқчи эмасмиз, лекин олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи камлигининг шу каби сабаблари ҳам бор», деди Дилшод Кенжаев.
ХТВ Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Файзулла Аҳмедовнинг айтишича, 2015–2019-йилларда ОТМларга ўқишга кирган 86 нафар тарбияланувчи – имтиёзга эга битирувчиларнинг 70-80 фоизини ташкил этади.
Бугунги кунда меҳрибонлик уйларида 300-340 нафар чин етимлар тарбияланмоқда. Республика ташхис маркази директори Лилия Байнутдинова уларнинг ҳаммаси ҳам юқори интеллект соҳиби эмаслигини қайд этди.
«Уларда руҳий-ижтимоий жароҳатлар бор, меҳрибонлик уйларида психологлар ана шу жароҳатларидан фориғ бўлишлари учун кўмаклашишади, уларнинг жамиятга мослашишига ёрдам беришади.
Шу сабабли ҳам президент қарори билан ҳар бир меҳрибонлик уйига тарбияланувчилар сонидан қатъи назар 1 тадан психолог штат бирлиги ажратилди. 200 нафардан ортиқ тарбияланувчилари бўлса, 2 та психолог штат бирлиги ажратилиши белгиланди.
Тарбияланишга топширилаётган болалар турли шароитларда улғайишган, кимдир яхши ўқийди, кимнингдир ўқишга иштиёқи йўқ. Биз улар эртага вояга етганда қийналмасликлари, ўзларини ўзлари боқа олишларини хоҳлаймиз», дейди Лилия Байнутдинова.
Мавзуга оид
12:19 / 22.11.2024
Тошкентда ногиронлиги бўлганлар учун “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди
17:32 / 26.10.2024
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ тўловлари учун бир марталик компенсация берилади
17:57 / 12.10.2024
Аёллар учун хавфсиз бошпана – реабилитация марказлари қандай ишлайди?
21:01 / 23.09.2024