Фирдавснинг фаолиятини уч жиҳат асосида алоҳида қайд этиш мумкин: у робототехника бўйича изланишлар олиб бориб, фойдали лойиҳаларни амалга оширмоқда. Шунингдек, ўзининг ўқув марказини ҳам ташкил этган − бу ерда болаларга робототехника бўйича билим берилади.

Қолаверса, Фирдавс Неъматзода яқинда ташкил этилган Ёшлар академиясига ҳам раҳбарлик қилмоқда.

Илк ўзбек гуманоид робот ихтирочиси

Турин политехника университетида мехатроника ва ахборот технологиялари бўйича ўқиб, Япония ва Италияда ҳам соҳа профессионалларидан билим олган. Унинг робототехника бўйича энг катта лойиҳаси Just деб номланади.

Just бу − робот. Оддий робот эмас, гуманоид робот. Яъни ташқи тузилиши жиҳатидан ҳам, имкониятлари жиҳатидан ҳам одамга ўхшайди.

«Just’нинг бошқа роботлардан устунлиги – унинг одамга ўхшашлиги ҳисобланади. Танасини, яъни устки қисмларини ўзимиз 3D принтерларда тайёрлаганмиз.

Роботни сунъий интеллект бошқаради. Интеллект Google платформасига улаб қўйилган. Интернетга уланганда у сиз берган ҳар қандай саволга жавоб беради. Аниқроғи, саволни оний лаҳзаларда қидирув тизимига юборади, жавобни топиб, сизга шуни ўқиб беради.

Лекин ҳали ўзбек тилини «билмайди». Чунки Google плафтормасига ўзбек тили киритилмаган. Фақат ўзимиз ёзиб киритган ўзбек тилидаги тайёр матнларни гапириши мумкин», − дейди ихтирочи.

Just муаллифининг айтишича, робот тузилиши ва имкониятлари нуқтайи назаридан Ўзбекистонда яратилган бошқа роботлардан анча мукаммал. Унинг белгача бўлган қисми ҳаракатланади. Оёқларни ҳам ҳаракатлантириш устида ҳали иш давом этмоқда.

«Just’дан бизнес мақсадида фойдаланиш ҳақида ўйлаганмиз. Мисол учун, унинг имкониятлари янада такомиллаштирилса, официантлик хизматини аъло даражада бажара олади. Ҳозирги ҳолатида роботнинг таннархи 1,5 минг долларни ташкил этади», − дейди муаллиф.