Бу — «Буюк карвон» маҳалласидагиларнинг эътирофи. Улар маҳалла номини ҳам ўзгартириб олишибди — «Буюк кўллар»!

Очиғини айтиш керак, ички йўллар билан ҳали-бери мақтана олмаймиз. Аммо ҳар қандай муаммонинг чегараси, тоқат қилиб бўлмай қоладиган даражасини англаймиз. Буюк карвонликлар хусусан, йўл масаласида тоқат қилиб бўлмас вазиятга келиб қолишган. Улар йўллар ва кўчиб кирилганига эндигина бир йил тўлган намунавий уйлар ҳолатидан арз қилишмоқда.

«Бу уйлар кам таъминланганлар учун мўлжалланган бўлиб, ўтган йилнинг бошларида кўчиб кирдик. Ҳозир бу уйларда истиқомат қилаётганларнинг аксарияти ҳақиқатан ҳам кам таъминланганлар: кимдир ёлғиз она, бошқаси қўл учида кун кўради, яна бири мавсумий ишчи. Уйнинг умумий нархи эса 352 миллион 960 минг 515 сўмни ташкил этади.

Ойига бир-бир ярим миллион сўм даромад билан ишлаётганлар бор. Уларга яшаш, уйларнинг кредитини тўлаш қанчалик оғир эканини тасаввур қилиш қийин бўлмаса керак. Демоқчиманки, шунча машаққат билан олган уйимизда ҳам ҳаловат кўрмаяпмиз. Ноқулайликлар юзага келяпти, сифатсиз қурилгани учун уй деворлари нураб боряпти», — дейди Моҳичеҳра Низомова.

Намунавий уйларни иситишнинг имкони йўқ. Қозонхоналарни ўтин ёрдамида иситишга уриниб кўрганларнинг аллақачон ҳафсаласи пир бўлган. Улар бутун қиш давомида қўлбола печлардан фойдаланиб, уй иситишган. Қозонхонада ўтин ёки кўмир ёқишса, уйнинг ичи дудга тўлиб кетади. Деярли барча хонадонларда шу ҳолат кузатилгач, улар қозонхонадан омборхона сифатида фойдалана бошлаган.

«Икки юз метрча наридан табиий газ ўтган. Оёғимиз тагидан оқиб ўтаётган неъмат бизга насиб қилмайди. Бизнинг нима айбимиз бор?!», дея табиий газ қувурлари ўтган томонга ишора қилди Шокир ота Эргашев.

Намунавий уйларда яшаётган буюк карвонликлар уйига меҳмон чақирганда, мана шу йўллардан ўтиб боришларига тўғри келади.