Жамият | 13:33 / 28.02.2020
12651
5 дақиқада ўқилади

«Фарзандимнинг вужудини ўсимта қоплашини қандай қилиб жимгина кузата оламан?» – она бемор ўғли учун кўмак сўрамоқда

Тиллақори – 8,5 ёшда. Унга чап сон суяги юқори-ўрта ҳамда чап катта болдир суяги ўрта учлиги фиброз дисплазияси ташхиси қўйилган.

Онасининг айтишича, болалигида Тиллақорининг саломатлигида жиддий муаммолар кузатилмаган. 2018 йилда мактабда футбол ўйнаётиб, чап оёғи сонидан синиб кетади. Энди тузалиб оёққа турганида эса болдирини синдириб олади.

«Шифокорлар ёш боланинг оёғи бунақа қисқа муддатда қайта-қайта синиши мумкин эмас, дейишганидан сўнг, мутахассислар кўригидан ўтдик, таҳлиллар топширдик. Шундан сўнг унга фиброз дисплазияси ташхисини қўйишди», дейди боланинг онаси Дилдора Мирзаҳмедова.

Фиброз дисплазияси (узун ва калта найсимон суяклар хавфсиз ўсмалари) бу – суяк ривожланишининг мерос қилиб олинмаган аномалияси ҳисобланади. Фиброз дисплазиясининг клиник кўринишлари хилма-хил бўлиб, мутахассисларнинг таъкидлашича, улар генетик касалликлар ва эндокрин патология билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Касалликнинг давоси бор, бунинг учун нормал суяк тўқималари толали суяк тўқималари билан алмаштирилади.

«Текширишлар натижасида фарзандимнинг сонида ва болдирида ўсимта борлиги аниқланди. Дўхтирларнинг айтишича, ўсимта катталашган сари суяк мўртлашиб, емирилиб боради. Натижада суяк тез синувчан бўлиб қолади.

Ўсимта катталашиб, организмдаги бошқа суякларига ўтиб кетиши мумкин экан. Агар шундай бўлса, ҳеч қандай муолажанинг фойдаси бўлмайди. Ҳозирги ҳолатда ўғлимнинг касалига даво бор. Ўсимта олиб ташланиб, касалланган суяклар ўрнига суяк тўқималари қўйилса, у кўрмагандай бўлиб кетаркан», дейди беморнинг онаси.

Дилдора Мирзаҳмедованинг айтишича, Тиллақорини Ўзбекистонда операция қилишнинг имкони йўқ. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика болалар ортопедия маркази шифокорлари беморга суяк аллопластикаси зарурлигини айтишган, бироқ амалдаги қонун кўрсатмаси бўйича Ўзбекистонда бу операция бажарилмаслиги сабабли хориж клиникаларига мурожаат қилишни тавсия қилишган.

«Ўзимиздаги ҳамма дўхтирларга бордик. Тошкентга келган ҳиндистонлик шифокорлар кўригида бўлдик. Фарзандимнинг касаллик тарихи билан танишишди, улар ҳам бу касалликнинг давоси битта – операция деб айтишди.

Жарроҳлик амалиётидан кейин икки ҳафтага қолмай юриб кетади дейишган. Ҳозир битта, ўн йилдан кейин – 18 ёшида яна бир марта операция қилиш керак», дейди у.

Ҳиндистоннинг Artemis Hospitals клиникаси болалар ортопедияси ва умуртқа жарроҳлиги бўлими бош педиатри Санжай Саруп томонидан тақдим этилган тиббий хулосага кўра, Тиллақори зудлик билан операция қилиниши керак. Операция харажатлари  “Эзгу мақсад” халқаро хайрия жамоат фонди томонидан тўлаб берилган. Бироқ Ҳиндистонга бориш-келиш, бемор ва унинг шериги камида 3-4 ҳафта меҳмонхонада туриши учун пул керак. Боланинг ота-онаси бу маблағни топишга қодир эмас.

«Қўлимизда 3000 долларимиз бор. Қолганига кучимиз етмаяпти. Хўжайиним – оддий ишчи бўлиб ишлайди, мен уй бекасиман. Тиллақоридан ташқари икки қизимиз бор. Топганимиз еб-ичишимиз, ўғлимнинг дориларидан ортмаяпти.

Фарзандимнинг вужудини ўсимта қоплашини қандай қилиб жимгина кузата оламан?! Мажбур бўлганимиз учун саховатпеша инсонлардан ёрдам сўраяпмиз.

Илтимос, Аллоҳ розилиги учун ёрдам беринглар. Бизга кўмак берганларнинг ўзлари, яқинлари бундай дард нималигини билишмасин, бизга қилган яхшиликларининг мукофоти Худодан қайтсин», дейди Дилдора Мирзаҳмедова.

Тиллақорининг отаси Miryokub Mirzakhmedov номига очилган карта

UZCARD Click/PayMe:

8600 0204 5339 4327 (Миллий банк)

Транзит ҳисоб-рақами (хориждан пул ўтказмалари учун):

2020 6840 4900 8705 0001

CБЕРБАНК виза картаси (Россия ва бошқа давлатдагилар учун):

5469 3800 8277 0974 (беморнинг қариндоши Abduazizov Ural номида)

Хориждан маблағ юбормоқчи бўлганлар учун беморнинг отаси Мирёқуб Мирзаҳмедовнинг паспорт маълумотлари: Mirzakhmedov Miryokub Mirjalilovich AA 66788025

 

Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Kod oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз, дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзуга оид