Ўзбекистон | 11:10 / 29.02.2020
13062
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини банкрот деб топиш амалиёти ўзгаради

Ўзбекистонда иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан банкротлик таомилларини қўллашда янгича амалиёт жорий этилади. Давлат активларини бошқариш агентлигида бўлиб ўтган семинарда шу ҳақда сўз борди.

Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги

Ўзбекистонда иқтисодий носоғлом ҳолга тушиб қолган корхоналар, тадбиркорлик субъектларини банкрот деб эълон қилишда янги қоидалар жорий қилинади. Бунда, корхонани банкрот деб тан олиш эмас, балки уни иқтисодий жиҳатдан соғломлаштиришга ҳамда тадбиркорлигини қайтадан йўлга қўйишга жиддий эътибор қаратилади. Давлат активларини бошқариш агентлигида Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда шу ҳақда маълум қилинди.

Агентлик вакиллари «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш доирасида Японияда бўлиб қайтди. Эндиликда,  Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари ва корхоналарнинг банкротлик амалиёти билан шуғулланувчи тажрибали амалиётчилари Ўзбекистонга таклиф этилди.

28-29 февраль кунлари бўлиб ўтадиган ўқув семинарида «Банкротлик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича Япония тажрибаси» ўрганилади ҳамда «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинади. Семинарнинг илк кунида банкротлик амалиёти билан шуғулланувчи 150 нафар мутахассисга Японияда бу борада қўлланиладиган жараёнлар хусусида маъруза қилинди.

Япониянинг Hiiragi Sogo Law Offices юридик фирмаси адвокати Шимизу Юсуке «Японияда банкротлик қонунчилиги ва тизими» хусусида маълумотлар берган бўлса, банкротлик ва санация ишлари бўйича Anderson Mori & Tomotsune юридик фирмаси адвокати Секибата Хироки «Японияда банкротлик ишлари бўйича суд амалиёти» мавзусида ахборотлар билан ўртоқлашди.

Нима учун айнан Япония? Кунчиқар юрт мазкур соҳада катта тажрибага эга бўлиб, Жаҳон банкининг тўловга қобилиятсизликни ҳал қилиш кўрсаткичида 190 мамлакат орасида етакчи 3таликдан ўрин эгаллаган.  

«Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонунни ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, кредиторларнинг ҳамда хорижий инвесторларнинг банкротлик жараёнида кредиторлик қарздорликларини қайтариш кафолатларини янада кучайтириш, банкротлик таомиллари орқали иқтисодий ночор корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ҳисобланади.

Шу боис, банкротлик соҳасини янада такомиллаштириш, банкротлик орқали иқтисодий ночор корхоналар фаолиятини соғломлаштириш орқали қайта тиклашнинг илғор амалиётини жорий этиш мақсадида, хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганган ҳолда янги «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида» Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Бу билан корхоналарнинг банкротлик жараёнлари такомиллаштирилади, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш имкониятлари кенгаяди, кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва кредитор қарздорликни қайтариш миқдори янада оширилади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид