Иқтисодиёт | 17:00 / 01.03.2020
33409
10 дақиқада ўқилади

Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо урушидан Вьетнам қандай фойда кўрмоқда?

Сўнгги икки йилда Вьетнамнинг АҚШ ва Хитой билан савдо алоқалари фавқулодда ривожланиб кетди. Натижада Вьетнам Осиё давлатлари орасида энг яхши иқтисодий ўсишга эришмоқда. Вьетнамнинг АҚШ ва Хитой билан иқтисодий алоқалари ривожланишига бу икки гигант ўртасидаги савдо уруши сабаб бўлдими? Қуйида шу ҳақда фикрлар келтирилади.

© Kham/Reuters

Трампнинг сайловолди дастури

АҚШ президентлигига республикачилар партиясидан ўз номзодини қўйган Дональд Трамп 2016 йилнинг ёзида сайловчилар билан учрашганда илк марта Хитойни танқид қилиб, бу давлатни валюта қаллобликларида айблаб чиққанди. Ўшанда Трамп «Биз Хитойга мамлакатимизни зўрлашда давом этишига йўл қўя олмаймиз. Бу ҳолатни ўзгартирамиз. Бизда ҳамма карталар бор, шуни унутманг», деган эди у.

Трампдан фарқли равишда Си Цзиньпинда мамлакат раҳбарлигида қолиш бўйича чеклов йўқ / Reuters

Трамп президентликка сайлангач унинг Хитой манзилига ёғдираётган танқидлари кескинлашди ва у бу давлат маҳсулотларига солинаётган бож миқдорини ошириш лозимлиги ҳақида гапира бошлади. 2018 йил 23 январда Трамп АҚШга олиб кириладиган қуёш батареялари ва уй-рўзғор техникалари учун бож миқдорини 30 фоизга оширади. Табиийки, бундай буюмлар АҚШга асосан Хитойдан олиб кирилади.

2018 йил апрелига келиб Хитойдан АҚШга олиб кириладиган маълум турдаги маҳсулотларнинг биринчи 50 миллиардлик қисми учун божхона тўловлари 25 фоизга оширилади. Умумий рўйхатга 1 300 хил маҳсулот киритилади. АҚШнинг бу ишига Хитой томони ҳам қараб турмайди, хитойликлар дарҳол АҚШдан келадиган гўшт, мевалар ва яна айрим маҳсулотлар учун божни оширади.

Кейинчалик Трамп АҚШга киритиладиган Хитой маҳсулотларининг дастлабки 200 миллиард, сўнг дастлабки 250 миллиард долларлик қисмига 25 фоиз бож солиш ҳақида қарор чиқарди. Шу тариқа, Хитой ва АҚШ ўртасида «савдо уруши» бошланиб кетади.

Хитой ҳам қайсарларча АҚШ маҳсулотларидан олинадиган божни ошираверди, аммо кучлар тенг эмасди. Шу туфайли 2018 йилда бошланган «савдо уруши»дан кейин 2019 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси бироз пасайди ва 541,22 миллиард долларни ташкил этди.

Савдо урушидан ютган томон Вьетнам бўлди(ми?)

Вьетнам иқтисодиёти бир неча йиллардан буён муттасил ўсиб келади, айниқса сўнгги икки йилда. 2018 йил халқаро молия ташкилотлари бу мамлакатдаги иқтисодий ўсиш 6,7 фоиз бўлишини прогноз қилганди. Йил охирига келиб кўрсаткич кутилганидан ҳам юқори кўрсаткичларни қайд этаётгани маълум бўлди. 2019 йил эса Вьетнам ЯИМ ҳажми 7,02 фоизга ўсди. Вьетнам иқтисодиётининг сўнгги икки йилда олдинги йиллардагига қараганда сезиларли фарқ билан ўсганига АҚШ ва Хитой ўртасидаги «савдо уруши» қисман сабаб бўлди.

Вьетнам-АҚШ, Вьетнам-Хитой савдо кўрсаткичлари ошиши

AFP

АҚШ ва Вьетнам ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқалар Вьетнам урушидан 20 йил ўтиб 1994 йилда қайта тиклангач бир маромда ривожланиб келмоқда. 2018 йилнинг иккинчи ярмидан бу давлатлар ўртасидаги савдо кўрсаткичлари ҳажми кескин оша бошлади. АҚШ Хитой маҳсулотларига 25 фоизлик бож жорий этганидан сўнг Вьетнам АҚШга экспорт ҳажмини оширди. 2019 йилда экспорт ҳажми янада ошди.

Шунингдек, Вьетнамга Хитой ва АҚШдан кўп миқдорда инвестиция кириб кела бошлади. Содда тилда айтганда, Хитой компаниялари АҚШнинг божларидан қочиш учун ишлаб чиқариш корхоналарини ёппасига Вьетнамга кўчира бошлади. Худди шу ишни Хитойга маҳсулот сотадиган АҚШ компаниялари ҳам қилди. Баъзи маҳсулотлар тайёр ҳолда Вьетнамга келтирилиб, уларга шунчаки Made in Vietnam ёрлиғи босган ҳолда АҚШ ёки Хитойга жўнатилаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Натижада Вьетнам иқтисодиёти ўса бошлади.

Financial Times нашри берган маълумотга кўра, 2019 йилнинг дастлабки тўрт ойида Вьетнамнинг АҚШга экспорт ҳажми 40 фоизга ошган. Ўз навбатида, бу даврда Хитойнинг АҚШга экспорт ҳажми 13 фоизга камайган.

«Биз жорий этган божга дуч келаётган кўпгина компаниялар ўз корхоналарини Хитойдан Вьетнамга ва Осиёнинг бошқа мамлакатларига кўчириб кетмоқда. Мана, Хитой нега биз билан савдо келишуви тузишга ошиқаётганининг сабаби»,— деб ёзади Трамп бу ҳақда ўзининг твиттердаги саҳифасида.

2018-2019 йилларда Вьетнамнинг АҚШга экспорт ҳажмининг ошиш сабаблари ҳақида ёзган The Wall Street Journal нашрига кўра, аксарият экспортчилар Хитой маҳсулотларини Вьетнамга олиб келиб, сўнг уни қадоқлаб ёки қадоқланган бўлса ёрлиқларини алмаштириб АҚШга Вьетнам маҳсулоти сифатида чиқармоқда. Аслида эса улар шунчаки реэкспорт (бир мамлакат маҳсулотини импорт қилиб олиб кириб, иккинчи давлатга экспорт қилиш иқтисодий тилда шундай деб аталади) билан шуғулланмоқда.

«Трампнинг твиттерда ёзган гапларига қараганда Вьетнамдаги ҳолат уни қониқтиряпти. Муаммо шундаки, Трампнинг ҳозирги савдо стратегияси узоқ йиллик эмас. Божни ҳаммага жорий қилиш ёки ҳеч кимга жорий қилмаслик керак. Агар бож биргина Хитойнинг ўзига жорий қилинса, эстафета таёқчасини бошқалар илиб кетади», деган эди Хитой маҳсулотлари Вьетнам орқали АҚШга экспорт қилинаётганига изоҳ берган Pictet Wealth Management иқтисодчиси Томас Костер ўша пайтда.

АҚШ билан иқтисодий муносабатлари яхши бўлган Вьетнам ҳукумати иқтисодий қинғирликларга қарши қатъий кураш олиб боришини билдирган. Лекин Вьетнамнинг жуда катта ҳудудда денгиз чегаралари борлиги сабабли АҚШга реэкспорт бўладиган Хитой маҳсулотлари ўз ҳудудига кириб келишини ва АҚШга экспорт қилинишини назорат қилишига ишониш қийин. Биринчидан, Хитой ҳаддан ташқари қудратли давлат, иккинчидан, бундай ўзига хос трансфер майдонига айланиш Вьетнам иқтисодиётига фойда келтирмоқда.

2019 йилнинг дастлабки беш ойи давомида Хитойдан Вьетнамга компьютер ва бошқа электроника буюмлар экспорти 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 80,8 фоизга ошган. Шунингдек, машинасозлик ашёлари ва бошқа маҳсулотлар экспорти ҳам кўпайган. Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо уришидан айниқса Вьетнамдаги порт эгалари яхши фойда кўришмоқда.

Шу ўринда айтиш керак, бундай ҳодиса Вьетнам билан илк марта содир бўлаётгани йўқ. Бир неча йил аввал АҚШ Хитойдан импорт қилинадиган пўлатга юқори тарифли бож жорий қилганида Вьетнам Хитой пўлатини АҚШга реэкспорт қилиш билан шуғулланган.

Вьетнамнинг Хитой маҳсулотларини АҚШга реэкспорт қилаётгани туфайли бу мамлакат ҳақида салбий фикрга келиб бўлмайди. Қандайдир давлатлар иқтисодий санкцияларга дуч келганда уларнинг маҳсулотини жаҳон бозорига бошқа давлатлар чиқариши табиий ҳол.Веьтнам ўзи учун иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлган бу савдодан нега кечиши керак?

Бу ҳолат Беларусь билан ҳам содир бўлган. 2014 йил Россия-Украина можароларидан кейин Ғарб давлатлари Россияга, Россия эса уларга қарши иқтисодий санкциялар эълон қилди, томонлар ўзаро маҳсулот алмашишни тўхтатди. Ўшанда Беларусь Шарқий Европа мамлакатларидан турли маҳсулотларни импорт қилиб, сўнг Россияга кирита бошлайди.

2015 йилда Туркия Сурияда Россия самолётини уриб туширади. Бу воқеадан сўнг Россия Туркия маҳсулотларини ўз ҳудудига киритмай қўйди. Ўшанда Туркия маҳслотлари Россияга Беларусь, Молдавия, Арманистон, Озарбойжон ва Қозоғистон орқали олиб кирилади.

Бир мамлакат иккинчисига иқтисодий санкция қўйиш ёки унинг маҳсулотларига баланд бож белгилашида аввало ўша мамлакат маҳсулотига иккинчи мамлакат аҳолиси томонидан талаб бор-йўқлиги муҳим. Агар талаб юқори бўлса, ўша маҳсулотлар ҳар қанақасига олиб кирилади. Масалан, Хитой маҳсулотларига АҚШда талаб юқори, шу боис Хитой корхоналари Вьетнам орқали чекловларни чеклаб ўтмоқда.

Вьетнам иқтисодиёти АҚШ-Хитой савдо урушига қараб қолмаган

GETTY IMAGES

Агар Вьетнам тарихига назар солсак, бу давлат СССР бошлиқ бўлган «социалистик лагер»да юрганида қолоқ, саноат ривожланиши суст, иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига боғлиқ аграр давлат эди. Социалистик тузум мамлакатни ривожлантира олмаслигини тушуниб етган Вьетнам 1986 йилдан бозор иқтисодиётига асосланган иқтисодиётга ўта бошлайди. Шундан сўнг 1990-97 йилларда мамлакат иқтисоди ҳар йили ўртача 9 фоиздан ўсади.

1991 йилда Вьетнамга 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида чет эл инвестицияси киритилган бўлса, 1997 йилга келиб бу кўрсаткич 32 миллиард долларга етади. Сўнгги йилларда Вьетнамга жаҳоннинг энг кўзга кўринган Samsung, LG, Panasonic, Intel, Fuji Xerox каби компаниялари катта миқдорда инвестиция киритди. Бугун Samsung компанияси жаҳон бўйлаб сотилаётган мобил қурилмаларининг катта қисмини Вьетнамда ишлаб чиқаряпти.

Мамлакатнинг расмий номи «Вьетнам социалистик республикаси» деб аталгани билан бу мамлакат бозор иқтисодиёти ва хусусий мулкчиликка асосланган иқтисод юритмоқда. Вьетнам аҳолиси 100 миллионга етгани ва бу ерда кўп миллионли арзон ишчи кучи борлиги, географик қулай жойда жойлашгани ҳам бу мамлакатга катта миқдорда инвестициялар кириб келишига сабаб бўлмоқда.

2019 йил Вьетнамнинг экспорт-импорт кўрсаткичлари илк марта 500 миллиард доллардан ошди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми эса 250 миллиард долларга етди. Вьетнам ЯИМ ҳажми ўсиш кўрсаткичлари охирги ўн йилда 6,5-7 фоиздан ўсяпти.

Хулоса шуки, Вьетнам иқтисоди АҚШ-Хитой савдо уруши бошлангунча ҳам ўсиб бораётганди. Икки йирик давлат ўртасидаги иқтисодий можаро эса шунчаки кўрчаткичларга қўшимча динамика қўшди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид