Ўзбекистон | 20:13 / 02.03.2020
10777
3 дақиқада ўқилади

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарияти ўз режаларини маълум қилди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбари ва унинг биринчи ўринбосари янги тузилмада амалга оширмоқчи бўлган режаларини маълум қилди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Вазир Раҳмат Маматов маҳаллаларда бандлик муаммосини ҳал қилишни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олганини таъкидлади, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

«Ҳар бир фуқаро манфаати, ундан кейин хонадон манфаати, сўнгра маҳалла манфаатига ўтган ҳолда ишламоқчимиз. Ҳар бир муаммонинг тагида моддий манфаат ётади. Шунинг учун одамлар иш билан банд бўлса, ойлик олиб ишлайдиган бўлса, муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишиб олдик. Ишга лаёқатли, лекин ўз йўлини топа олмаганларни ўқитиб, касбга йўналтирамиз», деди Раҳмат Маматов 2 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 

Вазир маҳалла фуқаролар йиғинларини бино билан таъминлаш масаласини ҳам ўзи учун белгилаб олганини айтди.

«Маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бири ўз биносига эга бўлиши учун ҳаракат қиламан. Ҳокимликлар билан гаплашиб, мавжуд, лекин кадастр ҳужжати бўлмаган биноларнинг ҳужжатини қилиб, маҳалла балансига ўтказамиз.

Бино учун аввал уч томонлама шартнома бўлган. Тўғридан-тўғри шартнома қилиб, даромад олишларига имкон ҳам бўлади», деди Маматов.

Вазир берган маълумотларга кўра, республика бўйича 3091та маҳалла фуқаролар йиғини ўз биносига эга эмас. Бино муаммоси сабаб 86та МФЙ раиси ўз уйида туриб ишлашига тўғри келган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Эльмира Боситхонова ҳам янги тузилмада амалга оширмоқчи бўлган режалари ҳақида гапирди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатидаги фаолиятим давомида нималаргадир улгурдим, нималаргадир кучим етмади. Ҳуқуқий масалаларда, бандлик масаласида қийинчиликлар бор эди. 20 йил давомида бирламчи тизимдаги акушер гинекологлар, ҳомиладор аёлларга ёрдам бериш тизимини йўқотиб қўйдик. Болаларга профилактик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини йўқотдик.

Ҳомиладор аёлларимизнинг конверт кўтариб ёки қўнғироқ билан қаергадир бориб юришининг олдини олиш учун маҳалладаги оналик ва болалик масаласи бўйича, хотин-қизлар масаласи бўйича ишлайдиган ўринбосари энди тиббиёт ходимлари билан бирга аёллар маслаҳатхонаси деган тузилманинг ҳаққоний ишлашига эришмоқчиман», деди Боситхонова.

Маълумот учун, 18 февраль куни президент фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Мазкур вазирлик ҳозирга қадар фаолият юритиб келган тузилмалар – Хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг вазифаларини бирлаштириши белгиланган.

Мавзуга оид