Ўзбекистон | 14:50 / 03.03.2020
2454
10 дақиқада ўқилади

Давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан ҳукумат ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби тасдиқланади

Президентнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади

Фото: KUN.UZ

Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини тайёрлаш ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этиш бўйича ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан таъминланади.

Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ҳисобот тайёрланишини ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида кўриб чиқилишини ҳамда Олий Мажлисда ҳимоя қилинишини мувофиқлаштиради.

Ҳисоботни Олий Мажлисда кўриб чиқиш ва муҳокама қилишда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг масъул қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари ҳамда Қонунчилик палатаси ва Сенати билан ўзаро муносабатларни ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили томонидан таъминланади.

Ҳисоботни Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби

Ҳар йили Давлат дастури қабул қилинганидан сўнг Вазирлар Маҳкамаси Раёсати биринчи мажлисида Давлат дастури бажарилишининг боришини назорат қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмаси белгиланади.

Масъул таркибий бўлинма Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари билан биргаликда:

доимий асосда Давлат дастури бажарилиши ҳолатининг тизимли мониторингини олиб боради;

Давлат дастурининг тегишли бандлари ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг, зарур ҳолларда тегишли бандлар ижроси учун масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳисоботларини ҳамда таҳлилий, статистик ва бошқа материалларни умумлаштиради.

Чорак якунлангандан сўнг икки кун муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги – тегишли чоракда Давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан мониторинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботни;

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги – ҳисобот даврида Ҳукумат томонидан Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилган асосий чора-тадбирлар, эришилган энг муҳим кўрсаткичлар ва натижалар юзасидан таҳлилий маълумотни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Бош вазир томонидан Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг таклифи асосида Бош вазир ўринбосари ёки Бош вазир маслаҳатчиси раҳбарлигида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар вакилларини жалб қилган ҳолда Ҳисоботни тайёрлаш ҳамда Олий Мажлисга тақдим этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилади.

Мувофиқлаштирувчи гуруҳ:

ҳисоботни тайёрлаш ва Олий Мажлисга тақдим этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси таркибий бўлинмалари, вазирлик ва идораларнинг фаолиятини ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини таъминлайди;

ҳисоботни тайёрлаш учун зарур бўлган ахборот-таҳлилий, статистик ва бошқа материалларни вазирлик ва идоралардан сўраб олади;

ишчи гуруҳ томонидан ҳисоботни тайёрлаш бўйича ишни самарали ташкил этиш юзасидан зарур чораларни кўради;

ҳисоботни тайёрлаш ва Олий Мажлисга тақдим этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ҳақида Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига мунтазам ҳисобот бериб боради;

ҳисоботни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисобот материалларини тайёрлайди.

Масъул таркибий бўлинма мувофиқлаштирувчи гуруҳ билан биргаликда икки кун муддатда:

а) тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган ҳисобот ва таҳлилий маълумотни пухта қайта ишлайди;

б) қуйидагиларни ўз ичига олган ҳужжатлар тўпламини тайёрлайди:

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг кун тартиби ва мажлис баёни лойиҳаси ҳамда ҳисобот берувчилар ва таклиф этилганлар рўйхати (ҳисобот Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида кўриб чиқилиши назарда тутилган ҳолларда);

ҳисобот лойиҳаси;

Бош вазирнинг ҳисобот материаллари;

ҳисобот муҳокамасида қатнашувчилар рўйхати;

ахборот-таҳлилий, статистик ва бошқа материаллар.

Ҳисобот лойиҳасини тайёрлашда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

давлат дастурининг йўналишлари кесимида ҳисобот давридаги тадбирлар ва уларнинг ижро этилиши ҳолатининг қисқача таҳлили;

давлат дастурида йил давомида амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар юзасидан ҳисобот даврида бажарилган ишлар тўғрисидаги таҳлилий маълумот;

давлат дастурининг ижроси доирасида ҳисобот даврида қабул қилинган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг аҳамияти;

давлат дастурининг ижроси доирасида эришилган энг муҳим кўрсаткичлар (жалб этилган инвестиция ҳажми, яратилган иш ўринлари, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар, бу жараёнда жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари иштироки кабилар);

давлат дастурининг ижроси доирасида ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ этиш бўйича амалга оширилган ишларнинг таҳлили;

давлат дастурининг ижроси натижадорлигини янада оширишга қаратилган таклифлар;

давлат дастурининг ижросига оид иқтисодий ва ижтимоий соҳаларга оид аниқ мисоллар таҳлили ва бошқалар.

Ҳисобот лойиҳаси ва ҳужжатлар тўплами мувофиқлаштирувчи гуруҳ ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари томонидан уч кун муддатда:

Бош вазирнинг тегишли ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳузурида белгиланган тартибда муҳокама қилинади;

Бош вазирнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари билан келишилган ҳужжатлар тўплами Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари билан келишилади;

ҳисобот лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини Бош вазир ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари ҳамда Аппарат бошқарувчиси ўринбосари томонидан билдирилган эътирозлардан келиб чиқиб пухта қайта ишланади.

Мувофиқлаштирувчи гуруҳ икки кун муддатда ҳисобот лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини кейинчалик Бош вазирга киритиш учун Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига тақдим этади ва ҳимоя қилади.

Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ҳисобот лойиҳаси ва ҳужжатлар тўплами бўйича Бош вазирга ахборот беради.

Алоҳида ҳолларда Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятининг топшириғига биноан, ҳисобот лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатида кўриб чиқилиши мумкин.

Масъул таркибий бўлинма, мувофиқлаштирувчи гуруҳ ҳисобот Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида кўриб чиқилиши назарда тутилган ҳолларда:

ҳисобот лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатида кўриб чиқиш учун киритади;

Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатининг якунлари бўйича ҳисобот лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини бир кун муддатда билдирилган эътирозлардан келиб чиқиб пухта қайта ишланишини таъминлайди.

Ҳисобот пухта қайта ишланганидан сўнг бир кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатига тақдим этилади.

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари Аппарат бошқарувчиси ўринбосари билан биргаликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати билан ҳисоботни муҳокама қилишга тайёргарлик кўриш масалалари бўйича барвақт ишлашни ташкиллаштиради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати билан келишган ҳолда ҳисоботни Қонунчилик палатасининг фракциялари, депутатлар гуруҳлари, қўмиталарида, Сенат қўмиталарида ҳамда палаталарнинг ялпи мажлисларида муҳокама қилиш бўйича режа-график тайёрланади.

Ҳисоботни Қонунчилик палатасининг фракциялари, депутатлар гуруҳлари, қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиқишда давлат дастурининг тегишли бандлари бўйича масъул вазирлар ва давлат қўмиталари раислари пухта тайёргарлик кўрган ҳолда ўз вақтида иштирок этишлари шарт.

Зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириғига мувофиқ, Ҳукумат аъзоларининг муҳокамаларда ўз вақтида ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда иштирок этишини таъминлаш мақсадида Бош вазирнинг алоҳида топшириғи тайёрланиши мумкин.

Масъул таркибий бўлинма Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили билан биргаликда ҳисоботни Қонунчилик палатасининг фракциялари, депутатлар гуруҳлари, қўмиталарида, ҳисоботни Сенатнинг қўмиталарида, Олий Мажлис палаталарининг ялпи мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқишда Давлат дастурининг тегишли бандлари бўйича масъул бўлган вазирлар ва давлат қўмиталари раисларининг иштирокини ташкиллаштиради.

Ҳисоботни Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ялпи мажлисида кўриб чиқилишида Бош вазир, Бош вазирнинг ўринбосарлари, Бош вазирнинг маслаҳатчилари ҳамда тегишли Ҳукумат аъзолари иштирок этадилар.

 Ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатаси ва Сенат қарорлари ижроси устидан назорат

 Ҳисоботни муҳокама қилиш натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида ахборот беради.

Ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган қарорлар ижроси устидан назорат Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан амалга оширилади.

Бош вазир ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган қарорлар бажарилишининг тизимли назорати ва таҳлилини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Назорат ва ижро интизоми бўлими томонидан тизимли асосда Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган қарорлар бажарилиши жараёнининг мониторинги амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид