Жамият | 16:04
746
2 дақиқада ўқилади

Қурилишда ҳажмни яширишга чек қўйиш бўйича янги механизмлар ишлаб чиқилди

Вазирлар Маҳкамасининг қурилиш соҳасини рақамлаштиришга қаратилган қарор лойиҳаси тайёрланди. Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 мартдан Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида эксперимент тариқасида қурилиш ҳажмини яшириб кўрсатиш ҳолатларини камайтиришга қаратилган янги механизмлар жорий этилиши мумкин.

Фото: Depositphotos

Лойиҳада қурилишда ҳажм ва харажатларнинг асоссиз оширилиши ёки камайтирилишига чек қўйиш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини босқичма-босқич рақамлаштириш таклиф этилган. Биринчи босқичда тест режимида лойиҳа-смета ҳужжатлари рақамлаштирилиб, 1–2 та объектда синаб кўрилади. Синов ижобий якунланса, лойиҳа-сметадаги ресурс нархларини “Қурилиш ресурслари миллий классификатори” электрон платформасидаги кодлар асосида автоматик белгилаш амалиётини синаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, тест натижалари ижобий бўлган тақдирда қурилиш-монтаж ишлари бўйича бажарилган ишлар ҳақидаги ҳисобварақ-фактуралар, лойиҳаларга киритиладиган ҳар қандай ўзгариш ва қўшимчалар, объектнинг тасдиқланган қийматига нисбатан ошиш кўрсаткичлари объект кесимида ягона идентификация рақами билан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида акс эттирилиши назарда тутилган.

Лойиҳада пудрат ва субпудратчилар ўртасида тузиладиган шартномалар ҳамда бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатномаларни (2-шакл) рақамлаштириш, шу жумладан, ҳужжатларда ҳақиқатдаги иш ҳақи фондини алоҳида кўрсатиш талаби ҳам белгиланмоқда.

Қурилиш материаллари айланмасини тартибга солиш мақсадида лойиҳалаштиришдан олдин “лойиҳалаштириш топшириғи” тузиш, унда ускуна ва материалларга бўлган талаблар рўйхатини “Қурилиш ресурслари миллий классификатори” кодлари билан биргаликда шакллантириш таклиф этилган.

Қарор лойиҳасига кўра, қурилиш ишлари бўйича ҳисоботлар асословчи ҳужжатлар билан бирга “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали электрон шаклда тақдим этилиши шарт бўлади. Солиқ органларига эса ушбу маълумотларни реал вақт режимида назорат қилиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Лойиҳада, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми ва айланмаси устидан рақамли кузатув тизимини жорий этиш, маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига интеграция қилиш ҳамда импортда МХИК кодлари орқали автоматик идентификация қилиш механизмларини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид