Ўзбекистон | 18:55 / 06.03.2020
13522
3 дақиқада ўқилади

Вазир коронавирусга қарши курашда фидойилик кўрсатган шифокор аёлларни кўкрак нишони билан тақдирлади

Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Соғлиқни сақлаш вазирлигида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда ўз меҳнати билан тиббиёт тизимида алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўз касбини улуғлаб келаётган  бир гуруҳ хотин-қизлар иштирок этишди.

Тадбирда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов иштирок этиб, барча аёлларни, шу жумладан, аёл тиббиёт ходимларини Халқаро хотин-қизлар куни билан қутлади.

«Тантанали маросимда қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида ишлаётган мутахассисларнинг 75 фоизи хотин-қизлардан иборат. Шуниси эътиборлики, тиббиёт соҳасида фаолият  юритаётган аёлларимиз орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Сенат аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, академиклар, фан докторлари ва номзодлари, шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва туман ҳокимлари ҳам бор.

Эътиборли томони, коронавирус инфекцияси туфайли хорижий давлатларда кузатилаётган бугунги мураккаб эпидемиологик вазиятда ушбу касаллик ўчоғига бориб, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ҳамюртларимизни олиб келган фидойи тиббиёт ходимлари сафида шифокор аёлларимиз ҳам бор. Карантинда бўлган фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек, коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишда, тезкор профилактик чора-тадбирлар кўришда алоҳида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ шифокор аёлларимизга Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонини тантанали равишда топширди.

Дарҳақиқат, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида тиббиёт тизимини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасининг турли бўғинида ишлаётган тиббиёт ходимларини, айниқса, хотин-қизларни  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб меҳнат қилишлари учун қулай шароитлар яратиш доимий эътибордаги масаладир. Аҳоли орасига чуқур кириб бориб, оилаларга тиббий маърифат тарқатаётган, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиб, халқимиз саломатлиги йўлида жон куйдираётган, энг мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳам муваффақиятли ўтказаётган шифокор-у ҳамширалар меҳнатини ҳар қанча эътироф этсак арзийди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

 
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид