Унда Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон миллий иқтисодиётига таъсирини комплекс ўрганиш натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилиши зарур бўладиган чора-тадбирлар белгиланди ҳамда ЕОИИ билан кузатувчи-давлат мақомида ҳамкорлик қилиш таклифи маъқулланди.
Йиғилиш якуни бўйича таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари асосида ишлаб чиқилган хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига тақдим этиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Хўш, Ўзбекистоннинг кузатувчи-давлат мақоми қандай бўлади?
Ушбу масала «Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақоми тўғрисида»ги низом билан тартибга солинади.
Ҳужжатга кўра, ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш мақсадида бўлган давлат иттифоқ олий кенгаши раиси номига кузатувчи мақомини бериш тўғрисидаги сўровнома юборади.
ЕОИИ аъзолари маълумот олинган кундан бошлаб 30 кун ичида комиссияга ўз позициялари тўғрисида ахборот тақдим этадилар. Мақом бериш тўғрисидаги қарор олий кенгаш томонидан қабул қилинади.
Комиссия кузатувчи мақомини бериш тўғрисидаги масалани олий кенгаш томонидан кўриб чиқиш натижаларига кўра, дипломатик каналлар орқали қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли ҳужжат кучга киргандан кейин 5 кун ичида мурожаат қилган давлатни ёзма равишда хабардор қилади.
Агар Ўзбекистон кузатувчи мақомига эга бўлса, ҳукумат комиссияга доимий равишда ишлаш учун ваколат берилган вакилни юборади.
Ўзбекистон вакили ҳукумат билан иттифоқ доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, техник, божхона, санитария ва фитосанитария регламентларини тартибга солиш, Комиссия ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича доимий алоқаларни ўрнатиш ва қўллаб-қувватлашга масъул бўлади.
Кузатувчи давлатнинг ваколатли вакиллари ЕОИИ таклифига биноан, иттифоқ органлари йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинган қарорлар билан танишиш (махфий ҳужжатлар бундан мустасно) ҳуқуқига эга. Кузатувчи мақоми иттифоқ органларида қарор қабул қилишда иштирок этиш имкониятини бермайди.















