2019/20 йилги мавсумда илк чорак финалчилар «Лейпциг» ва «Аталанта» бўлди. Немислар ўтган мавсум финалчиси, бу мавсумда Жозе Моуриньо бошқарувидаги «Тоттенҳэм»ни йўлдан олишди, итальянларнинг «Валенсия»га қарши сафар ўйинида эса меҳмонлар форварди Йосип Иличич покерга эришди.
Нагельсманн Моуриньони «еб қўйди»

Чемпионлар лигаси. 1/8 финал. Жавоб ўйини
«РБ Лейпциг» (Германия) — «Тоттенҳэм» (Англия) — 3:0 (2:0)
Голлар: Забитцер, 10 (1:0). Забитцер, 21 (2:0). Форсберг, 87 (3:0).
«РБ Лейпциг»: Гулачи, Хальстенберг, Клостерманн, Упамекано, Мукьеле (Адамс, 55), Анхелиньо, Забитцер (Форсберг, 87), Лаймер, Нкунку (Айдара, 59), Шик, Вернер.
«Тоттенҳэм» (Лондон): Ллорис, Алдервейрелд, Орье (Уолкотт, 90+1), Танганга, Уинкс, Дайер, Алли, Ло Сельсо (Фернандеш, 80), Сессеньон, Ламела, Лукас Моура.
Огоҳлантиришлар: Сессеньон, 34. Уинкс, 45+2. Лаймер, 50. Танганга, 68. Алли, 70. Забитцер, 71.
Ҳакам: дель Серро Гранде (Испания).
10 март. Лейпциг. «Ред Булл Арена» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:0.
Сешанба кунги оғир ва хавотирли хабарлардан кейин мухлислар чалғиб, футболдан завқланишни исташарди. «Лейпциг» ва «Тоттенҳэм» ўйини улар учун айни муддао эди. Бу тўқнашувда интрига зўр, икки ёрқин мураббий - икки авлодга мансуб бўлган мутахассислар тўқнашуви, қолаверса, бошқа учрашувлардагидан фарқли равишда —трибуналар мухлислар билан тўлган, ажойиб атмосфера ҳосил қилинганди. Барча шиддатли баҳсни кутаётганди.
Аммо... Йўқ, 45 минг немис фанати ҳафсалани пир қилишмади, улар ўз даражасида мухлислик қилиб, майдондагиларни олға бошлаб туришди. «Лейпциг» ҳам ўз даражасида ўйин кўрсатди — Юлиан Нагельсманн йигитлари яна бир марта қанчалик кучли жамоа эканини намойиш этиб беришди. Фақат «Тоттенҳэм» ранжитди. Лондонликлар жуда иложсиз ҳолатда кўринишди — ҳимояда мунтазам хатолар, ҳужумда умидсиз ҳаракатлар. Моуриньо жамоасида бу ўйинда ҳеч қандай имкон йўқлиги дастлабки дақиқаларданоқ кўриниб турарди.




















