Енгилмаслар тўқнашуви
Европа Лигаси. Финал
Севилья — Рома 1:1
Пенальтилар серияси — 4:1.
31 май, «Пушкаш Арена»
Голлар: Манчини (55, автогол) — Дибала (35).
Севилья – Буну, Навас (Монтьель, 95), Баде, Гудель (Маркао, 120+8), Теллес (Рекик, 95), Ракитич, Фернандо (Хордан, 120+8), Окампос, Оливер Торрес (Сусо, 46), Хиль (Ламела, 46), Ан-Носири.
Рома – Патрисиу, Челик (Залевски, 91), Смоллинг, Манчини, Рожер, Спинаццола (Льоренте, 106), Матич (Бове, 120), Кристанте, Пеллегрини (Эль-Шаарави, 106), Дибала (Вейналдум, 68), Абраҳам (Белотти, 75).
Огоҳлантиришлар: Матич (22), , Пеллегрини (45), Манчини (48), Кристанте (65), Ракитич (65), Челик (74), Залевски (105), Ламела (109), Хордан (120), Монтьель (120+4), Окампос (120+10).
Рингнинг бир бурчагида «Севиля»: бу турнирдаги ғалабалари барчани чарчатган ва ҳазил билан кубок номи уларнинг номи билан атала бошланган клуб. Бошқа бурчакда Жозе Моуриньо: XXI аср футболининг номдор шахсларидан бири, «Рома»ни қаторасига иккинчи бор қитъа турнири финалига олиб чиққан ва навбатдаги титулни қўлга киритишни кўзлаган мураббий. Бунгача «Севиля» Европа Лигаси финалларига олти бор чиқиб, олти марта ғолиб бўлган, Моуриньо — еврокубокларда беш финалда беш ғалаба, агар Суперкубок ҳисобга олинмаса. Қайтариб бўлмаган куч ўрнидан қўзғатиб бўлмаган объект билан тўқнашди ва кимдир бу сафар енгилиши керак эди.
Бу ўйиндан олдин ҳам рақибларнинг тактикасидан келиб чиққан ҳолда кўп гол бўлиши кутилмаётганди. Моуриньо, бу қанчалик стереотип туюлмасин, Моуриньолигича қолиши аниқ эди, андалусияликларнинг ўйини эса, март ойида Хосе Луис Мендилибара бош мураббийликка тайинланганидан кейин сезиларли даражада соддалашди. Ҳа, унинг қўли остидаги футболчилар техник устунликка эга, аммо бундай ўйинда бу ўз аҳамиятини йўқотади.
Айёр Жозе
Ўйин қандай кечиши илк дақиқаларданоқ кўриниб турарди. Дастлабки ярим соатда рақиблар дарвозага берилган зарбалардан беш баробар кўпроқ қоида бузишди. Лекин бу вақт оралиғида битта голли вазият ҳам юзага келди: Спинаццола тўпни ўзига яхши бўйсундириб зарба берди, аммо «Севиля» посбони Буну зарбани қайтара олди. Қолган вақтда — кураш, кураш ва яна кураш кечди. Бу кураш шунчалик қаттиқ эдики, футболчилар мунтазам равишда газонга юмалаб, оғриқдан бақиришарди. Биринчи бўлимнинг ўзига етти дақиқа қўшиб берилиши бежиз эмасди — агар майдондаги воқеалар жаҳон чемпионатида кечганида, ҳакамлар 20 дақиқа қўшган бўларди.












