«Рома» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг агенти Қаҳҳор Мўминов Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашрига берган интервьюсида ўзбекистонлик ҳужумчининг Италиядаги муаммолари, Римни нега тарк этмагани, унга қизиққан клублар, Моуриньо билан муносабати ва унинг келажаги ҳақида гапирди.

— Ўзбекистонда иккинчи Шомуродов борми?

— Иккинчи ҳам, учинчиси ҳам бор.

— Кимлар?

— «Нижний Новгород»да йигитча бор – Иброҳимхалил Йўлдошев. Иқтидорли, келажаги бор ўйинчи. Унга Россияда мослашиш учун ярим ойча вақт керак бўлди ва яхши ўйнаб кетди. Айни дамда Йўлдошев олдида Россия Премьер-лигасининг икки клубидан аниқ таклиф бор. Шунингдек, Осиё клубидан ҳам қизиқиш мавжуд.

Яна бири Йўлдошевнинг тенгқури, «Торпедо»да ўйнаётган Ҳожимат Эркинов. У Камерунга қарши ўйинда миллий жамоасида гол киритди. Бу йигитлар ҳали ўсишда давом этишади. Ўзбекистонда собиқ иттифоқ мураббийлар мактабининг ўзига хос анъаналари сақланиб қолинган, давлат ҳам инфрастуктурага катта маблағлар сарфламоқда. Фақат вилоят марказлари эмас, туман марказларида ҳам сўнгги 20 йилда янги стадионлар қад ростлаган. Ёшларнинг футболга оқими улкан – биргина «Бунёдкор» академиясида қарийб 2000 нафар бола футбол билан шуғулланмоқда. Бу эса ўз мевасини бермоқда.

Фото: Getty Images

— «Рома» Шомуродовни ёзда қўйиб юбормади, шунга қарамай у захирада қоляпти. Бу нима билан боғлиқ?

— Элдорга «Торино» ва «Болонья» томонидан жиддий қизиқиш мавжуд эди. Уни Туркиянинг барча етакчи клублари, Саудия жамоалари ўз сафларида кўришни хоҳлашганди. Аммо «Рома» уни ўз таркибида олиб қолишга қарор қилди. Бу масалада Жозе Моуриньо, клуб бош директори билан суҳбатлашдик. Португалиялик мураббий матбуотни ўқимасликни маслаҳат берди.

— Нега?

— У Шомуродовни ҳеч ким клубдан ҳайдамаётгани ва бошқа жамоага ҳам бериб юборилмаслигини айтди. Фақатгина унга ақлбовар қилмас таклиф тушса, айтайлик Осиёдан, клуб трансфер масаласини ўйлаб кўриши мумкинлигини айтишди. 

— Шомуродовни А Серия клубларидан бирига ижарага бериб юбориш яхшироқ эмасмиди?

— Моуриньо Элдорга: «Қулоқ сол, «Болонья»даги 10-15 ўйиндан кўра, «Рома»даги 5та ўйин ҳам сен учун яхшироқ», деди.