Жамият | 17:51 / 11.03.2020
2253
5 дақиқада ўқилади

«Навоийазот» АЖ қувватини кенгайтириш мақсадида учта йирик инвестицион лойиҳа режалаштирилмоқда

«Ўзкимёсаноат» АЖ ОАВ ходимлари учун «Навоийазот» АЖ томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йил ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилган янги лойиҳалар билан яқиндан таништириш мақсадида корхонага пресс-тур ташкил этди.

Фото: «Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати

Жумладан, Kun.uz мухбири ҳам иштирок этган пресс-турда «Навоийазот» АЖда президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2019 йил 28 декабрда ишга туширилган поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси, 2020 йил март ойида ишга тушириш режалаштирилган азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси ҳамда корхона ҳудудида бунёд этилаётган аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Тадбир доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқарув раисининг корхонада фаолият юритаётган ёшлар билан учрашуви ҳам ташкил этилди. Бугун «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимидаги корхоналарда фаолият юритаётган ходимларнинг 9214 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Улардан 2500га яқини «Навоийазот» АЖда ишлайди.

Корхонага қарашли «Ширин» маданият саройида ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда «Навоийазот» АЖ тизимида фаолият юритаётган ёшлар билан мамлакатимиз кимё саноатини янада ривожлантириш ва соҳага энергия тежамкор янги инновацион технологияларни жалб қилиш борасида уларнинг таклифлари тингланди.

Тадбирда «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов, «Навоийазот» АЖ бошқарув раиси Баҳодир Шарипов ва корхона етакчи мутахассислари иштирок этди.

Бугунги кунда «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти таркибида 16та йирик ва ўрта кимёвий корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан жами 180дан ортиқ номдаги кимёвий маҳсулотлар, жумладан, 90га яқин маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар томонидан талаб этилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

«Навоийазот» АЖ «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимидаги кимё корхоналарининг энг йирикларидан бири ҳисобланади. Корхонада 70дан ортиқ ноёб маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Уни модернизация қилиш, қувватини кенгайтириш мақсадида учта йирик инвестицион лойиҳа режалаштирилган.

«Биринчи лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 1 млрд АҚШ доллари бўлиб, унинг самарасида йилига 660 минг тонна аммиак ва 580 минг тоннадан зиёд карбамид олиш имконияти яратилади, 500га яқин иш ўрни пайдо бўлади. Лойиҳани жорий йилда ишга тушириш, йилига 136 млн АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилишни режалаштирганмиз. Япониянинг «Mitsubishi Heavy Industries» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда қурилаётган янги корхонада замонавий технологиялар қўлланиши эвазига йилига 735 млн киловатт-соат электр энергияси тежалади, атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид газлари миқдори ҳам камаяди», дейди лойиҳа раҳбари Ҳусейн Саидов.

Яна бир йирик корхона – азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуасидир. Умумий қиймати 217 млн долларга тенг ушбу объект Швейцариянинг «CASALE SA» компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилмоқда.

У йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлади. Ҳозирги кунда ускуна ва жиҳозлар ўрнатилиб, қурилиш-монтаж ишлари якунланмоқда. Яқин кунларда бу ерда биринчи маҳсулот чиқарилиши режалаштирилган. Янги лойиҳаларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида қарийб 60 йил муқаддам қурилган, ҳар томонлама эскирган азот кислотаси цехлари фойдаланишдан чиқарилади. Энг муҳими, маҳсулот ишлаб чиқариш учун электр энергияси сарфи бир неча баробар камаяди, ҳавони ифлослантирадиган 150 минг тонна миқдоридаги газлар тутиб қолинади.

Учинчи инновацион лойиҳа – поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси яқинда ишга туширилган эди. Лойиҳа Хитойнинг «China CAMC Engineering Co., LTD» ва «HQC Shanghai Company» компаниялар консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилди. Янги корхонада йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотларга автомобилсозлик, тўқимачилик, металлургия, кимё, нефть-газ тармоқлари, электр техникаси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда талаб юқори. Улар шу пайтгача катта валюта эвазига импорт қилинган.

Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси маҳаллий корхоналарни зарур хомашё билан таъминламоқда. Шунингдек, ҳар йили 40 млн долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Янги мажмуада 900дан зиёд иш ўрни яратилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид