«Ўзавтосаноат»: Экспортга чиқарилаётган автомобиллар ички бозордагидан арзон эмас
«Ўзавтосаноат» АЖ Савдони ривожлантириш, сўнгги хизмат кўрсатиш ва компонентлар экспорти бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Мирсамуковнинг айтишича, Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинаётган ўзбек автомобиллари ички бозордагидан арзон сотилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз.
У бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзавтосаноат» АЖ иштирокида бўлиб ўтган парламент эшитувида депутат Қодир Жўраевнинг саволига жавобан маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Ҳеч қачон халқимиз ички бозорда автомобилларни ташқи бозордагидан, масалан, Россия ёки Қозоғистонга нисбатан қимматроқ тўламайди, деб ўзимизга стратегияни белгилаб олганмиз.
Қўлимда ҳозирги кундаги ҳолат бўйича маълумотлар бор. Россия ва Қозоғистондаги нархларни айтиб ўтаман, буни расмий дистрибьюторларимиз орқали текшириб кўриш ҳам мумкин. Масалан, нархлар оширилгандан сўнг Ўзбекистонда Cobalt нархи 10028 доллардан бошланаяпти. Россияда Cobalt’нинг бошланғич нархи – 10138 доллар, яъни 110 долларга қимматроқ.
Қозоғистонда Cobalt нархи 10684 доллардан бошланади, яъни у ерда ҳам нарх Ўзбекистондагига нисбатан 656 доллар қимматроқ.
Оммабоп автомобиллардан бири – Nexia’нинг нархи Ўзбекистонда 9101 доллардан бошланади. Россияда 9831, Қозоғистонда эса 9129 доллардан бошланади.
Энг оддий модификациядаги Spark Ўзбекистонда 7710 доллардан бошлаб сотилаётган бўлса, Россияда 9831, Қозоғистонда 10579 доллардан сотилмоқда», дейди у.
«Ўзавтосаноат» АЖ вакили ижтимоий тармоқларда тарқалган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар Россия ва Қозоғистонда анча арзон сотилаётгани акс этган хабарлар ва скриншотларга ҳам изоҳ бериб ўтди.
«Интернетда тарқалаётган хабарларни ўрганиб чиқдик. Жумладан, расмий сайтлардан олингандек қилиб кўрсатилган скриншотларни ҳам ўргандик. Бу – айрим корхоналарнинг маркетинг стратегияси бўлиб, бу нарса «перекуп» [олиб-сотиш] дейилади. Улар бизнинг диллерларимиздан машиналарни олишган. Одамни жалб қилиш мақсадида мана шундай «скидка» [чегирма] берамиз деб арзон нархларни кўрсатишади. Мижоз келгандан кейин пулини олади ва лизингни таклиф қилади ёки бошқа машинани ўтказишга ҳаракат қилади.
Улар бизнинг расмий диллерларимиз эмас. Ўрганиш жараёнида улар ҳақида Россия ва Қозоғистонда яшовчи одамларнинг изоҳларини ҳам кўрдик. Уларни ҳам тақдим этишимиз мумкин. Улар бошқаларни бу каби корхоналарга ишонмасликка чақиришган», – дейди Шуҳрат Мирсамуков.
Мавзуга оид
15:26 / 10.07.2024
“Ўзавтосаноат” раҳбари президентга: Хитойликлар билан бюджет моделлар ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришдик
17:48 / 26.04.2024
12 та йирик корхонадаги давлат улушининг бир қисми оммавий савдога чиқарилади
15:05 / 15.04.2024
«Ўзавтосаноат» давлат ташкилотлари ходимларига Onix сотиб олиш таклифи билан чиқди
22:19 / 10.04.2024