Фан-техника | 19:12 / 11.03.2020
10592
2 дақиқада ўқилади

Tesla миллионта электромобил ишлаб чиқарган дунёдаги илк компанияга айланди

Tesla компанияси дунёда биринчи бўлиб миллионта электрокар ишлаб чиқарди ва шу билан экологик соф транспорт ишлаб чиқариб бозорда “омон қолиш” мумкинлигини исботлади.

Фото: Tesla

Компания раҳбари Илон Маск бу натижа ҳақида маълум қилиб, рекорд сондаги электрокар ва уни йиғган жамоа суратини эълон қилди. Компаниянинг миллионинчи машинаси унинг моделлар қаторидаги 4-машина - Model Y кроссовери бўлди.

Фото: Tesla 

Tesla тарихи 12 йил аввал бошланган. Ўшандан бери АҚШ компанияси бир неча моделлар ишлаб чиқди. Улардан охиргиси футуристик дизайндаги Cybertruck йўлтанламаси ҳисобланади. Компания ўз ишлаб чиқариш қувватларини доимий равишда кенгайтириб боради ва 2019 йилда навбатдаги савдолар рекордини ўрнатди.

Tesla’нинг илк модели – Roadster кам серияли бўлиб, 2008 йилдан 2012 йилгача ушбу моделдан бор-йўғи 2450 дона ишлаб чиқарилган. Ўшандан кейин компания моделлар қатори 4 моделгача кенгайтирилди: Model X кроссовери, Model 3 седани ва Model Y модели. Булардан охиргиси Model Y мижозларга яқиндагина етказиб берила бошланган.

Айни вақтда компаниянинг АҚШ, Нидерландия ва Шанҳайда заводлари бор бўлиб, яқинда уларга Берлиндаги корхона ҳам қўшилади. Шундан кейин компаниянинг барча корхоналари ишлаб чиқариш қуввати йилига бир миллион дона машинадан ошади. Яқин ойларда 2-авлоддаги Tesla Roadster’нинг серияли версияси тақдим қилиниши режалаштирилган ва у янги турдаги аккумуляторга эга илк модел бўлади. Шунингдек, Cybertruck пикапи ва Semi юк машиналарининг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

Мавзуга оид