Ўзбекистон | 22:35 / 12.03.2020
33500
4 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» вакиллари берган жавобларнинг бири иккинчисига зид» – депутат Дониёр Ғаниев

UzAuto Motors автомобиллари нархи ошиши ортидан, 11 март куни парламент эшитувида автомобилсозлик соҳаси раҳбарлари депутатлар саволларига жавоб берди.

Депутат Дониёр Ғаниев Kun.uz мухбири билан суҳбатда берилган жавоблардан қониқмаганини билдирди.

«Мени қизиқтирган нарса – нега фақат харидоргир машиналарнинг нархи ошиб, савдоси суст бўлган қиммат, асосан хориждан импорт қилиниб, Ўзбекистонда шунчаки йиғилаётган Malibu, Tracker каби автомобиллар нархи ўзгаришсиз қолдирилганидир.

Чунки улар тадбир аввалида дунё бозорида хомашё ва бутловчи қисмлар нархининг ошгани, валюта девалвацияси нархларни кўтаришга сабаб қилиб кўрсатилганди.

Уларнинг жавобидан келиб чиқадиган бўлсак, арзон машиналарда ҳам, қимматларидаям бир хил эҳтиёт қисмлар ишлатилади. Буям валютага кириб келади. Яъни бу назария бўйича ҳамма автомобилларнинг нархи бир хилда ошиши керак. Лекин амалда бунинг тескарисини кўряпмиз.

UzAuto Motors вакиллари бунга жавобан қиммат машиналарнинг нархини 2017 йилда ошириб бўлгандик, шунинг учун жорий йилда нархларни оширмадик, деб айтишди. Бундан келиб чиқадики, улар 2017 йилда нархларни асоссиз оширишган. Яъни ўша йили расмийлар машиналар нархини керагидан ошиқ даражада ошириб юборган бўлиб чиқяпти.

Умуман олганда, мутахассисларнинг саволларга берган жавобларининг бири иккинчисига зид бўлиб қоляпти», дейди у.

Дониёр Ғаниевнинг айтишича, «Ўзавтосаноат» ва UzAuto Motors АЖ вакилларининг хорижга, жумладан, Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинаётган миллий автомобилларнинг нархи ички бозордагидан арзон экани ҳақидаги саволларга берган жавоблари бири-иккинчисига тўғри келмаганини айтиб ўтди.

«Мутахассислардан бири нархлар бугунги кунда деярли бир хил деб жавоб берса, иккинчиси айтяпти: «Экспортга чиқарилаётган автомобилларга чет элдаги харидорларнинг талабидан келиб чиқиб қимматроқ компонентлар ишлатамиз, сифатли маҳсулотлар қўямиз. Ички бозорда бундай бўлмагани учун маҳсулот ва қўшимча жиҳозларнинг арзонроғини қўямиз».

Бундан келиб чиқиб турибдики, экспортга чиқарилаётган автомобилнинг ишлаб чиқариш таннархи ички бозордагидан нисбатан анчагина қимматга тушяпти.

Шундан келиб чиқиб, хорижда сотилаётган машиналарнинг нархи ўзимиздагидан сезиларли қиммат бўлиши керак.

Ҳолбуки, булар берган маълумотга кўра, хорижда ва Ўзбекистоннинг ичкарисида сотилаётган машиналарнинг нархлари деярли фарқ қилмайди.

Расмийлар сўзларидан хулоса қиладиган бўлсак, хорижда ўзбек автомобиллари таннархига нисбатан арзонроқ сотиляпти. Экспорт қилинаётган маҳсулотларда фойданинг озлиги ёки зарарига сотилаётгани ички бозорда сотилаётган машиналар қийматига қўшворилмаяптими, деган гумонларни туғдиради.

Эҳтимол, бу тахминим нотўғри бўлиши мумкин, лекин уларнинг жавобларидан кейин менда шундай хулоса қолди», дейди депутат.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси бўлган Дониёр Ғаниевга кўра, UzAuto Motors стратегиясини ўзгартирмаса, бу салбий оқибатларга олиб келиши, одамлар ҳатто қасддан машина сотиб олмай қўйиши мумкин.

«Автомобилларнинг нархи ошишда давом этаверса, истеъмолчилар норози бўлаверса, UzAuto Motors бундан тўғри хулоса чиқармаса, у ҳолда ўрта ва узоқ истиқболда уларнинг савдоларига салбий таъсир қиладиган даражада ўзгариш бўлади.

Яъни халқимиз қиммат бўлса ҳам хориж автомобилларини сотиб олишга ёки UzAuto Motors’да ишлаб чиқарилган машиналарни қасддан сотиб олмай қўйишга ўтишиям мумкин», – дейди Дониёр Ғаниев.

Мавзуга оид