Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия халқи тўлайдиган бадал: жаҳон иқтисодий инқирозини ким ва қачон бошлади?
Россиянинг ОПЕК+ битимидан чиқиб кетиши нефть нархларининг тушиб кетишига сабаб бўлган омиллардан бири холос, аммо айнан мана шу нарса Россияга салбий оқибатлар олиб келади, деб ҳисоблайди иқтисодчи Андрей Мовчан.
Нефть нархи пандемиясиз ҳам тушиши керак эди - илиқ қиш ўз ролини ўйнаганди
Бироқ, қулашнинг асосий сабаби - глобал пандемия. Эндиликда нафақат вазият бирмунча барқарорлашган Хитойда, балки бошқа жойларда ҳам корхоналар оммавий равишда ёпилмоқда. Йўловчи ташиш кескин камаймоқда. Яқинда Италия - бутун бошли мамлакат карантинга ёпилганлигини эълон қилди. Исроил мамлакатга қайтиб келаётган барча исроилликларни карантинга жойлаштирмоқда ва чет элликларнинг мамлакатга киришини тўхтатди. Бундай ўзини ўзи изоляция қилиш авиакомпаниялар, сайёҳлик хизматлари ва кўнгилочар саноат даромадларининг пасайишини билдиради. Ҳатто озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ҳам пасаймоқда - одамлар жамоат бўлиб ўтирганда кўпроқ овқат истеъмол қилишади. Карантин пайтида транспорт воситалари, жамоат транспортидан камроқ фойдаланилади. Шу сабабли ҳамма нефтга бўлган талабнинг сезиларли даражада камайишини кутмоқда – балки одатдагидек, тахминлар келажакдаги воқеликдан ўтиб тушар.
Буларнинг барчасини билган ҳолда, аксарият таҳлилчилар нефтнинг бир баррели нархи 20-25 фоизгача, яъни 60 доллардан 45-50 долларгача пасайишини кутганди. Бироқ кутилмаганда учинчи омил пайдо бўлди: ОПEК нефть нархини қўллаб-қувватлашга қарор қилиб, уни қазиб олишни камайтиришни таклиф қилганида (нархни 50 доллардан юқори даражада ушлаб туриш тахмин қилинган ҳолда) кутилмаганда Россия (унинг қазиб олишни камайтириш улуши 3 фоизни ташкил этарди) кескин рад жавобини берди.
Россия нафақат қазиб олишни уч фоизга камайтирмаслигини, балки аввалги келишувдан ҳам чиқишини ва қазиб олишни максимал даражага етказмоқчи эканлигини эълон қилди. Бу баёнот ғалати туюлади, чунки Россия амалда қазиб олаётган ҳажм максимумга яқин: Саудия Арабистонидан фарқли ўлароқ, Россия нефть компаниялари ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширишининг имкони йўқ. Шу билан бирга, Россия ушбу қарорнинг сабабларини очиқ айтди: биз буни даромад топиш учун эмас, балки бозордан Америка сланец саноатини сиқиб чиқариш учун қиляпмиз.
Агарда Россия нефть қазиб олишни 3 фоизга камайтириб, нарх яна 10 фоизга тушганида, мамлакат бугунги даромадининг қарийб 4 фоизини йўқотган бўларди, бу Россия учун унчалик оғриқли эмас. Бундан ташқари, картель қазиб олиш камайтирилишини эълон қилиши, лекин унинг ҳар бир аъзоси илгари бўлганидек, озгина айёрлик қилиши мумкин эди – у ҳолда Россия бу келишувнинг таъсирини умуман ҳис қилмаган бўларди.
Келишмовчилик натижасида бир баррель нефть нархи 35-38 долларгача тушиб, Россиядан ҳар бир баррелдан 10-15 долларни «тортиб олди» - амалда даромаднинг камида 25 фоизи (агар Россия ОПЕК билан келишганида, қазиб олишни ОПEК квотасига нисбатан кўпи билан 10 фоизга ошириши мумкин эди, бу билан йўқотиш 17,5 фоизгача бўларди). Бу Россия бозорига дарҳол таъсир қилди: (ўн миллионлаб россияликлар ўз омонатларини сақлайдиган) рубль 10 фоизга (йил бошидаги энг юқори кўрсаткичдан 15 фоиздан ортиқроққа),кейинги бир-икки йилда миллиондан ортиқ Россия фуқаролари сармоя киритган РТС индекси охирги маҳаллий максимал қийматдан 30 фоиздан ортиқроққа тушиб кетди ва 2007 йилда эришилган мутлақ максимал қийматнинг 45 фоизи атрофида сотилмоқда.
Америкаликлар бозорни ҳеч нарса йўқотмасдан осонгина тарк этиши ва нарх кўтарилганида яна осонлик билан қайтиши мумкин
Сланец ишлаб чиқарувчиларни енгиш ғояси анчагина ғалати туюлади. Биринчидан, сланец саноати анъанавий саноатдан фарқ қилади, чунки қазиб олишни камайтириш ёки тўхтатиш, сўнгра қайтадан бошлаш осон. Сланец қудуғи тезда бўшаб қолади, уни доимо бурғилаб туриш керак. Шунинг учун, агар сиз бошқа қазишни истамасангиз, шунчаки қудуқни бўшатасиз ва янгисини қазимайсиз. Қудуқлар сони камаяди, қазиб олиш ҳам. Америкаликлар бу бозорни ҳеч нарса йўқотмасдан осонгина тарк этишлари, аммо нархлар кўтарилганида яна осонлик билан қайтишлари мумкин - улар буни 2014-2015 йилларда исботлашган.
Америкаликлар сланец саноатидаги ишчилар орасидаги ишсизликдан ҳам қўрқмасалар бўлади: АҚШдаги ишсизликнинг рекорд даражада пасайиши фонида сланец нефти қазиб олишда ходимларнинг кескин танқислиги мавжуд ва айрим маълумотларга кўра жараёнларни рақамлаштириш фонида меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжни ўн йил ичида 40 фоизга камайтирган. 2014 йилда соҳада 200 000 киши ишлаган, 2017 йилда – 145 000, 2019 йилда – 150 000.
Иккинчидан, америкаликларда қазиб олиш нархларнинг ўзгаришидан тахминан 50 фоизга ҳимояланган ва етказиб бериш шартномалари қатъий нархлар билан ўртача йиллик ҳисобланади. Шу сабабли, бу таъсир бир зумда бўлмайди ва АҚШда қазиб олишнинг реал пасайиши пандемия оқибатлари ўтиб кетган ҳамда нефтга бўлган талаб тикланган вақтда рўй беради. Бу нархларнинг тушиб кетиши таъсирини юмшатади ва америкаликларга аксарият ҳолларда бозорда қолиш имконини беради.
Ҳа, сланец саноатида ортиқча кредитланиб банкрот бўлиши мумкин бўлган компаниялар бор. Аммо Америка учун компанияларнинг банкрот бўлиши энг катта муаммо эмас. Ҳаттоки нефть майдонларининг эгалари ўзгарса ҳам, бу соҳага, умуман олганда, ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Эҳтимол, ҳаттоки компаниялар "ёмон кредитлар"дан қутулиб, янада самарали ишлашлари мумкин. Ҳозирда сланец нефтининг бир баррели таннархи ўртача 40-43 доллар атрофида бўлиб, бугун белгиланган 35-37 доллар даражасида ҳам бозорни деярли ҳеч ким тарк этмайди - улар нолга тенг операцион фойда билан ишлайверади.
Учинчидан, Американинг бутун бошли нефть ва газ сектори асосан ички бозор учун ишлайди ва жаҳон нархларига бевосита боғлиқ эмас. Даромаднинг ички тақсимланиши юз беради: нефть нархининг арзонлашиши АҚШнинг бошқа саноат тармоқларини қўллаб-қувватлайди. АҚШнинг нефть ва гази ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 7 фоизини ташкил этади, бу эса Россиянинг ҳаракатлари «асосий рақиби»нинг ялпи ички маҳсулотининг 93 фоизини қўллаб-қувватлашини англатади. Россияда эса нефть ва газнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 15 фоизни ташкил этади, углеводороднинг ички нархлари эса шундоқ ҳам кучли дотацияланган. Шу маънода, АҚШ нефть нархининг тушиб кетишидан Россиядан кўра анча яхши ҳимояланган. АҚШ бюджети нефть нархидан қатъи назар камаяди. Нефтдан келадиган даромаднинг бюджетдаги улуши Россиядан фарқли ўлароқ, жуда кам. Россияда эса бир баррель нефть нархи 40 доллар бўлганида бюджет камая бошлайди, бюджет даромадларининг нефтга боғлиқлиги эса жуда юқори.
Бу ҳаракатларга бир нечта машҳур шахсларнинг сланец нефтига нисбатан шахсий адовати асос бўлган бўлиши ҳам мумкин
Ва ниҳоят, энг асосийси. Агарда Америкада рецессия бошланса, бу Трампнинг қайта сайланишига таҳдид солади: одатда президент қайта сайланадиган йилда иқтисодиётда ишлар ёмон кетаётган бўлса, у иккинчи муддатни қўлга кирита олмайди. У ҳолда, Россияга нисбатан Трампдан кўра ёмонроқ муносабатда бўлган кишилар ҳокимият тепасига келади, бу эса Россия учун жуда ноқулай. Агар Кремль ўз хатти-ҳаракатлари билан АҚШга зарар етказаман деб ўйлаётган бўлса, унда бунинг учун энг ноқулай вақтни танлаган бўлади.
Эҳтимол, албатта, бу хатти-ҳаракатлар асосида бир нечта машҳур одамларнинг сланец нефтига нисбатан шахсий адовати ётган бўлиши ҳам мумкин (ҳа, бу ғалати туюлса-да, шунақаси ҳам бўлади). 2013-2014 йиллар охирида улар сланец нефти афсона эканлигини расман эълон қилишганди. Аммо бундай эмаслиги маълум бўлди. Энди эса улар қасос олишга уринишмоқда, лекин гўёки биз ҳали ҳам ХХ аср бошларида яшаётгандек нооқилона тарзда.
Қатор шарҳловчилардан бу қадам ақлли ўйин бўлганини эшитиш мумкин, чунки барибир инқироз муқаррар эди, нархлар барибир тушарди. Бу иддао ўринлидай эмас. ОПEК шартларини қабул қилиш, бозорнинг реакциясини кўриш ва ундан сўнг қарор қабул қилиш мумкин эди: картелни ҳар вақт тарк этиш мумкин. Бошқа шарҳловчиларнинг таъкидлашича, АҚШ дунёда нефтга бўлган талабнинг ўсишини ўзига «тортиб олди», энди эса уларнинг улушини Россия олади. Буни қандай амалга ошириши номаълум, чунки мамлакатда қазиб олишни ошириш имкониятлари чекланган, рентабеллик даражаси паст, компанияларда самарали қидирув ишлари учун маблағ йўқ, қазиб олиниши қийин бўлган захираларнинг бир баррели эса 35, 50 ва ҳатто 60 доллардан ҳам қимматга тушади.
Россия фуқаролари, одатдагидек, раҳбарларининг шуҳратпарастликлари учун ўз ҳамёнларидан пул тўлайдилар
Россия аҳолиси учун бу қандай оқибатларга олиб келади? Энг сезиларли таъсир - бу рубль курсининг ўзгариши. Рубль жуда оддий валюта, унинг курси жаҳон бозоридаги нефть нархига боғлиқ. Нефть барқарор нархлар оралиғида бўлганида, рублга майда омиллар, жумладан марказий банк фаолияти ва Россиянинг пул-кредит сиёсати таъсир кўрсатади. Аммо нефть бозорида йирик ҳаракат бошланиши билан, рубль муқаррар равишда таъсир остида қолади. Ҳозирда рубль бундан беш ёки уч йил аввал қандай бўлган бўлса, худди шундай вазиятда қолди. Барчаси 2014 йилдаги каби бир хил, фақат, эҳтимол, камроқ даражада, чунки қулаш диапазони кичикроқ. Бирмунча вақт долларнинг 70 рубль бўлишига кўникишга тўғри келади.
Афтидан, фалокат содир бўлмайди. Бироқ, шуни англаш лозимки, агар доллар 60 эмас, 72 рубль бўлса - бу 20 фоизлик фарқ дегани, истеъмол саватчаси нархи тахминан 10 фоизга ўсади, чунки маҳаллий ишлаб чиқаришда импортнинг улуши юқори. Бу бюджет даромадларининг сезиларли даражада камайиши билан бирга юз бериши сабабли компенсацион тўловлар ёки бюджет ходимларининг иш ҳақи ошишини кутмаслик керак: аксинча, давлатнинг жавоби солиқ сиёсатининг янада кескинлашиши бўлади. Кремлда бюджетни тўлдириш ички иқтисодий сиёсатнинг асосий ва ягона вазифаси деб ҳисобланади. Россия фуқаролари, одатдагидек, раҳбарларининг шуҳратпарастликлари учун ўз ҳамёнларидан пул тўлайдилар. Улар бунга қанчалик рози бўлишади, бунга мамлакатда ягона бошқарув учун чекланмаган мандат бериш бўйича 22 апрель куни бўлиб ўтадиган овоз беришда гувоҳ бўлиш мумкин.
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
18:11 / 12.06.2026
Uzbekistan Airways ёнилғи танқислиги туфайли Ўзбекистондан Россияга айрим парвозларни қисқартиради
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
09:35 / 12.06.2026