Ўзбекистон | 22:10 / 13.03.2020
6455
3 дақиқада ўқилади

АОКА блогерлар ва ОАВни тасдиқланмаган хабарлар тарқатмасликка чақирди

АОКА директори ОАВ ва блогерлар ҳам худди давлат органларидан талаб этилгани каби соҳага оид амалдаги қонунчилик меъёрларига риоя этиши шарт эканлигини унутмаслиги кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Дилшод Саиджонов ОАВ ва блогерларни тасдиқланмаган ва ишончли манбага эга бўлмаган хабарларни тарқатмасликка чақирди.

«Бугун ижтимоий тармоқларда ва бир қатор блогерлар томонидан тасдиқланмаган ҳамда ишончли манбага эга бўлмаган маълумотлар тарқатилди.

Шуни унутмаслик керакки, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар, материаллар, фейк хабарлар ва умуман, ишончсиз ахборотни ҳар қандай шаклда тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. 

Қонунчиликда ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда масъулият аниқ белгиланган ва буни, айниқса, фаол ва катта аудиторияга, жамиятда ўз меҳнати туфайли таъсир кучига эга блогерлар, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва каналлар маъмурлари яхши ҳис этишлари лозим, деб ўйлайман. Чунки жамиятда улар тарқатаётган ҳар қандай ахборотни ҳақиқат сифатида қабул қиладиганлар кўп.

ОАВ ва блогерлар ҳам худди давлат органларидан талаб этилгани каби соҳага оид амалдаги қонунчилик меъёрларига риоя этишлари шарт эканлигини унутмаслиги керак.

Алоҳида таъкидлашни истар эдикки, АОКА барча ОАВ ва блогерлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда ва бундан кейин ҳам уларнинг ахборот олишлари учун кўмак беришга тайёр», дейди Дилшод Саиджонов.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида коронавирус тарқалгани, хусусан, икки беморнинг шаҳардаги 16-касалхонага ётқизилгани ҳақидаги аудиохабарлар тарқалди. Кейинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур хабарларни рад этди ва ушбу маълумот ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилди.

Кейинроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келгани, Олмалиқ шаҳрида ушбу вирус сабабли 17 киши вафот этгани ҳақида аудиохабар тарқалди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур хабарга ҳам муносабат билдирди ва унинг мутлақо асоссиз ва ёлғонлигини маълум қилди. Вазирлик айни пайтга қадар Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирон-бир ҳолат аниқланмаганини яна бир карра қайд этиб ўтган.

Мавзуга оид